Ёшлар китоб ва газеталарга кўпроқ қизиқиш билдиришлари учун Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни бир ойга тўсиб қўйиш керак. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов 3 июль куни Чортоқ тумани ёшлари билан учрашувда айтиб ўтди.
2 июль куни «Ўзкомназорат» Ўзбекистонда «мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашда қонун талабларини бузганлиги» сабабли бир қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланганлиги ҳақида хабар қилган эди. Хабарда айнан қайси ижтимоий тармоқлар экани айтилмаган, аммо Twitter, TikTok ва ВКонтакте ҳамда Skype мессенжери ишлашида узилишлар кузатилмоқда.
Вилоят ҳокими ушбу хабарга муносабат билдирар экан, ижтимоий тармоқларни бир ойга блоклаб қўйишни таклиф қилди.
«Қайси бир ёш отамизнинг олдига бориб, бир соат гаплашиб ўтира олади? Бир соат гаплашиб ўтира олмайди, аммо интернетда икки соат, ярим кун, бир кунлаб қолиб кетади. Жудаям бузилиб кетаяпти», — деди ҳоким.
Шавкатжон Абдураззоқовнинг фикрича, «ёшларимиз кўпроқ китобга ўтиришлари керак, интернетга эмас, ҳалиги ўйинларга эмас».
«Спортга ўтириши керак. Ота-онасидан дуо олишга ўтириши керак. Астойдил бўлиши керак», — деди ҳоким. Иши юришмаяпти… Нега иши юришмаяпти? Бекорчи. Бефойда хабарлар билан миясини тўлдириб олган", — дея таъкидлади вилоят ҳокими.
Наманган вилояти ҳокими айримларнинг чет элдан туриб қилаётган мурожаатларига минглаб фойдаланувчилар изоҳ қолдиради, мамлакатда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини эса оддий ҳолатдек қабул қилишади.
«Битта бетини ювмаган чет элдан туриб мурожаат қилса, ҳамма ўшани… минг тўрт юз нечтаям комментарий бўлади. Буёқда давлатимизда қилинаётган ишлар, президент ташаббуслари билан қилинаётган ишлар, йўллар, сувлар, мактаблар, боғчалар, балницалар қурилаяпти. У нарсаларни ҳамма оддий ҳолатдай қабул қилиб, „Ҳа қилиш керак-да“, — деб қўяқолади. Қандай қилиш керак? Олдин ҳам, 26 йил ҳеч нарса қилинмади-ку. Беш йилда қанча ўзгариш? Одамлар, энди ҳамма ёқ очиқ бўлиб кетса, осмондаги ойни талаб қилишни бошлашади», — деди у.
Ҳокимнинг фикрича, кўпроқ китобга, газетага эътибор қаратиш керак
«Ҳозир ҳам, масалан, нимага Америка, Ҳиндистон қаттиқ ривожланаяти? Ҳар куни, кўчада ётганлар ҳам, бир пакет газета олиб ўқийди. Мен ўзим кўрганман кўзим билан. Ҳиндистонда кўчадаги уйсизга ҳам газета тарқатади. Газета ўқиб, иш ахтариб, ҳаракат қилади», — деди у.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашда қонунчилик талабларини бузганликлари учун ижтимоий тармоқлар фаолиятига чекловлар киритишни кўзда тутган қонунни бефойда деб атади.
«Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини муҳофаза қилиш баҳонаси билан интернетдаги оммабоп тармоқларни чеклашга уринишдек кўринаётган бу иш кўпроқ салбий оқибатга олиб келиши мумкин. Масалан, фойдаланувчилар оммавий равишда чекловларни четлаб ўтувчи VPN каби дастурлардан фойдаланишни бошлайди, назорат буткул йўқолади. Камига фуқароларни қонунбузарга айланишга мажбур қиламиз», — деди парламентарий.
Депутат мазкур қарорни танкка қарши кетмон билан жанг қилишдек «ахборот асри»даги жуда кулгули ва абсурд деб атади.
«Фуқароларнинг мулк ҳуқуқи бузилса жимлик, уйидан хайдалса жимлик, ери мажбуран олиб қўйилса жимлик, фермер сарсон юрса жимлик…Лекин унинг шахсга доир маълумотларини мухофаза қилишга келганда кескин чоралар… Ғалатимасми?» — деган саволни ўртага ташлади депутат.
2021 йил бошида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида мажбурий сақлашни кўзда тутган қонунни имзолаган эди.
依克龙
Бунинг хечам иложи йукда. Блокларни четлаб утишни купчилик билишади. Хамма нарсани хам яхши ва ёмон томони бор. Масалан пичок, ни олайлик. Агар ошпазни кулига берсангиз, ширин таом тайёрлайди, агар жаллодни кулига тушса улим мукаррар. Шундай экан бошка йулини излаш керак..
Xalil Rashidov
“Ҳозир ҳам, масалан, нимага Америка, Ҳиндистон қаттиқ ривожланаяти? Ҳар куни, кўчада ётганлар ҳам, бир пакет газета олиб ўқийди. Мен ўзим кўрганман кўзим билан. Ҳиндистонда кўчадаги уйсизга ҳам газета тарқатади. Газета ўқиб, иш ахтариб, ҳаракат қилади“.
Ўзи нечта китоб ўқигансиз Ҳоким? Отахонлар билан ёшлар ўртасидаги суҳбат албатта 1 соатга чўзилмайди-да. Чунки ўша отахонлар ўз оталари билан гаплашишни исташмаган. Доимо кекса авлод ва янги авлод ўртасида қарама-қаршиликлар бўлади. Агар китоб ўқиганингизда эди муҳтарам Ҳоким, шу каби савиясиз сўзларни айтмаган бўлардингиз.
Бизнинг газеталар, журналлар, телевидениемиз-у радиоларимизда фақат бир фикрлилик бўлгандан кейин ким ҳам газета ўқийди? Энг асосийси, депутатларимизнинг аксарият қисми ҳатто интервью бера олишмайди.
Ижтимоий тармоқлар одамни бузмайди, одамни оилавий муҳит бузади. Чунки оилада фарзандлар ота-онасидан ўрнак олишади. Давлат ҳам бунга сабабчи. Қарс икки қўлдан чиқади. Ҳамма айбни ёшларга ташлаб қўйиш — мажбуриятни ҳис қилмаган одамдан чиқади.