«Ижтимоий тармоқларни бир ойга ёпиб, ҳаммани китоб, газетага ўтқазиш керак» — Наманган вилояти ҳокими

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ёшлар кўпроқ китоб ва газеталарни ўқишлари учун ижтимоий тармоқларни бир ойга ёпишни таклиф қилди. Ўз навбатида, депутат Расул Кушербаев ахборот асрида ижтимоий тармоқларни чеклашни кулгули ва абсурд қарор деб атади.

Ўзбекистонга 40 минг доза «Спутник V» вакцинаси олиб келинди

Бугун тунда Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг 40 минг дозалик 1-компоненти олиб келинди. 10 июнь куни «Спутник V» вакцинасининг 70 минг дозалик 2-компоненти келтирилган эди.

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланганидан сўнг мобил VPN бирданига оммалашди

Ўзбекистонда TikTok, Twitter ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов қўйилганидан сўнг, VPN дастурига талаб бирданига ортди. Сўнгги марта бундай ҳолат 2018 йилнинг кузида, Facebook ва YouTube блокланганида кузатилган эди.

Шавкат Мирзиёев шу ҳафта БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси билан учрашади

Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкир билан учрашади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг трансформацияси юзасидан тақдимот ва Олимпия захираларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан йиғилиш режалаштирилган.

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашадиган Тошкент вилоятилик спортчиларга мукофотлар топширилди

Токио-2020 ёзги Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган бир гуруҳ Тошкент вилояти спортчиларига уй, Spark русумли автомобиллар ҳамда пул мукофотлари топширилди. Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев мусобақадан олдин спортчиларнинг кайфиятини кўтариш кераклиги ҳақида айтган эди. «Қанча уларни эътироф этсак уларда ғалабага эҳтиёж пайдо бўлади», — деган эди президент.

Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди

Ҳукумат жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлади. Банклар, фонд биржалари, адвокатлар ва нотариуслар шубҳали операциялар тўғрисида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига хабар беришлари мажбурий этиб белгиланди.

Ер ости метроси қурилишида қарийб 900 млн сўм талон-торож қилинган — Транспорт прокуратураси

Тошкент метросидаги носозликлар ортидан Транспорт прокуратураси метрополитен фаолиятини ўрганиб, инсон омилига боғлиқ бўлган 650 та камчиликни аниқлади. Метродаги муаммоларни ҳал этиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилгани айтилди. Қолаверса, «Тошкент метрополитени» йўловчилар сонини ошириб, кунлик даромадни 560 млн сўмга чиқариш, рекламадан тушадиган даромадни эса 6 ойда 4,1 млрд сўмга етказишни режа қилаяпти.

Давлат компанияларига давлат харидларини тендерсиз амалга ошириш тақиқланди

Давлат компаниялари учун индивидуал тарзда давлат харидларини тендерсиз ўтказишнинг мавжуд талаблари бекор қилинди. Уларга давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълонлар ва давлат харидлари натижалари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот портали ва ОАВда эълон қилиш мажбурияти юклатилди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистон билан чегараларни ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисида келишиб олдилар

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон минтақада Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар. Томонлар Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтиришда куч ишлатар тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

Бош вазир лотин ёзувидаги алифбога ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқ берди

Ҳукумат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. 1 августга қадар давлат органлари барча кўчалар, пешлавҳалар ва турли блакларнинг лотин ёзувида бўлишини таъминлаши керак. Олдинроқ ушбу вазифани 2022 йил декабрига қадар бажариш кўзланган эди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Ўзи ким айбдор? Яна Алламжоновми?

27 июнь куни Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг «Алламжонов айбдор» номли китоби омма учун тақдим этилди. Блогер Мирзаёр Эркинов «Газета.uz» учун мақоласида муаллифнинг асардаги асосий фикрлари ва китобда келтирилган қизиқарли воқеалар тафсилоти ҳақида ёзади.

Ғалати карантин ёхуд чекловлар ким учун?

28 июндан 12 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистонда карантин чекловлари қатъийлаштирилди. Аммо сўнгги кунлардаги ҳодисалар чекловлар бор ёки йўқлиги, улар ким учун тадбиқ этилгани тўғрисида саволлар уйғотмоқда. «Ашхобод сайилгоҳи»даги тадбирлар, Қашқадарёдаги ўзгартиришлар, Бухородаги ММА мусобақаси карантин қоидаларига қанчалик мос? «Газета.uz» яна бир бор айрим чекловларга риоя қилинмаётганига эътибор қаратади.