Ўзбекистонда оммавий тадбирларнинг барча турлари вақтинча тўхтатилди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Республика махсус комиссияси томонидан очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъий назар, мамлакатда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланди.

Бу мамлакатда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида масъул ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда амалга оширилганлиги айтилган.

Спорт турлари бўйича мусобақаларни мухлисларсиз ўтказишга рухсат берилди.

Олдинроқ, «Газета.uz» карантин чекловлари бир-бирига зидлиги, карантин чекловларига қарамасдан оммавий тадбирлар иштирокчилари ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш қоидаларига риоя қилмаганликлари тўғрисида ёзган эди.