Июнь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,2% га арзонлашди. Ушбу ҳолат асосан мавсумий омил билан тавсифланади, дейилади Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида.

Жорий йил бошидан улар нархларининг ўсиш даражаси 4,4% ни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,7% ни ташкил этди. Йиллик нисбатда истеъмол нархларининг ўсиш даражаси 10,9% га етди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Бир ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,9% га арзонлашди (ўтган йилнинг июнида — 1,2%), бироқ йил бошидагига қараганда нархлар 5,7% га ошди.

Жорий йилнинг беш ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар нархларининг ҳар ойлик ўсишларидан сўнг, июнь ойида илк бора уларнинг пасайганлиги қайд этилди (ой давомида 1,0%).

Нархлар пасайиши етакчилик мевалар ва ёнғоқлар (-3,8%), ёғ-мой маҳсулотлари (-2,8%), сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (-2,6%), ҳамда сут маҳсулотлари ва тухумга (-1,6%) тегишли бўлди.

Бошқаларга нисбатан гўшт маҳсулотлари, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар сезиларли даражада ошди (0,4%).

Ёғ-мой маҳсулотлари ўтган йилнинг декабрига нисбатан нархлар ошиши бўйича етакчиликни ушлашда давом этмоқда (22,5%). Бундан ташқари, 2021 йилнинг II ярим йиллигида нархлар ошиши бўйича етакчи учликдан мевалар ва ёнғоқлар (16,1%) ҳамда шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (7,1%) ўрин олди. Йиллик нисбатда ёғ-мой маҳсулотлари (1,5 баробарга), сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (28,4%), шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (15,7%), гўшт маҳсулотлари (14,5%), сут, бошқа сут маҳсулотлари ва тухум (11,6%) сезиларли даражада қимматлашган

2021 йилнинг июнь ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан (мевасабзавотлардан ташқари) ой давомида тухум нархлари сезиларли даражада арзонлашди (-7,6%). Ўсимлик ёғи нархларини барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида, уларнинг нархлари 2021- йилнинг июнида республика бўйича ўртача 3,6% га арзонлашди.

Бундан ташқари, июнда товуқ гўшти (-0,1% дан -0,5% гача), янги соғилган сут (-0,3%), музлатилган балиқ, гречка (-0,2%), творог, гуруч ва гуруч оқшоғи (-0,1%) нархларида пасайиш қайд этилди. Шу билан бир қаторда, салқин ичимликлар (0,9%), шакар (0,8%), мол гўшти (0,6% — 0,7%) ва қўй гўшти (0,4%) қимматлашди.

2020 йилнинг декабрига нисбатан ўсимлик ёғи (1,3 баробар) ҳамда шакар (14,7%) нархлар ошиши бўйича етакчи ўринларни эгаллашда давом этмоқда.

Йиллик нисбатда инфляцион жараёнлар пахта ва кунгабоқар ёғлари нархларининг ошишида яққол намоён бўлиб, уларнинг нархлари ўртача 1,6 баробарга қимматлашди. Шунингдек, шакар 1,3 баробарга қимматлашди.


Ой давомида мева-сабзавот маҳсулотларидан булғор қалампири (-62,9%), бақлажон (-53,2%), бодринг (-48,6%) ва помидор (-47,5%) нархлари бошқаларга нисбатан сезиларли даражада арзонлашди. Нархларнинг энг юқори даражада ўсиши сабзи нархларида қайд этилди (1,8 баробар). Нархлар ошиши бўйича йил бошидан ҳам, йиллик нисбатда ҳам сезиларли устунлик билан сабзи нархлари етакчилик қилди (мос равишда 2,9 ва 3,2 баробар).

2021 йилнинг июнь ойида спиртли ичимликлар ой давомида 0,3% га, жумладан пиво 0,6% га, спиртли ичимликлар ва ликёрлар 0,2% га қимматлашди. Тамаки маҳсулотлари 2,0% га қимматлашди.

2020 йилнинг декабрига нисбатан спиртли ичимликлар 4,5% га, жумладан спиртли ичимликлар ва ликёрлар 5,0% га, пиво 3,5% га, вино 2,8% га қимматлашди. Тамаки маҳсулотлари йил бошидан 9,1% га қимматлашди.

Йиллик нисбатда спиртли ичимликлар 8,9% га, тамаки маҳсулотлари нархлари 14,4% га, ошди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар

Июнь ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,5% га қимматлашди. 2020 йил декабрга нисбатан ушбу гуруҳ товарлари нархларининг ўсиши 3% ни, 2020 йил июнида 8,2% ни ташкил этди. Бир ой ичида хизматлар 0,2% га, жорий йилнинг биринчи олти ойида — 4,1% га, йиллик нисбатда — 8,1% га қимматлашди.

2021 йилнинг июнь ойида турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа маиший ёнилғи турлари нархлари ой давомида 0,2% га қимматлашди.

Чилангарлар, сантехниклар, электриклар ва бўёқчилар хизматлари ой давомида 1,1% га, турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар 0,6% га, турар жойлар учун ижара ҳақи 0,5% га қимматлашди.

Йил бошидан турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда бунда ишлатиладиган материаллар мос равишда 3,9% ва 3,5% га, (2020- йил июнига нисбатан 13,1% ва 9,0%), турар жой ижараси учун тўлов 1,5% га, совуқ сув ва канализация учун тўловлар 1,6 баробарга (1,9 баробарга), кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиш 1,7% га (1,8%), чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш учун тўлов 1,1% га (2,4%) қимматлашган.

Июнда ушбу йирик (2,7%) ва кичик (1,3%) маиший асбоблар ҳамда мебелларни ўрнатиш ва уй-рўзғор буюмларини ва тукли гиламларни таъмирлаш (1,1%) хизматлари бошқаларга қараганда сезиларли даражада қимматлашди.

Умуман олганда, 2021 йилнинг дастлабки олти ойида уй хўжалигини юритиш ва маиший хизматлар (8,0%), жумладан, заракунандаларни дезинфекциялаш ва йўқотиш хизматлари (13,2%) нархлар ошиши бўйича етакчиликни ушлашда давом этди.

Йиллик нисбатда нархлар ошиши бўйича етакчи ўринлар ҳам уй хўжалигини юритиш ва маиший хизматларга (15,7%) тегишли бўлди.


Соғлиқни сақлаш соҳасида кузатиладиган асосий товарлар ва хизматлардан 2021 йилнинг июнь ойида тиббий лаборатория хизматлари (1,3%), стоматология профилактика (0,9%) ва даволовчи массаж (0,7%) хизматлари нархлари ой давомида бошқаларга нисбатан сезиларлироқ ошди.

«Транспорт» бўлимида ой давомида республика бўйича ўртача 2,5% га қимматлашган бензин ва ой давомида 8,7% га қимматлашган пропан нархларининг ошиши ҳал қилувчи инфляцион омил бўлди.

Ушлаб турувчи омил сифатида эса кузатиладиган йўналишлар бўйича халқаро авиапарвозлар нархларининг пасайиши (-3,5%) хизмат қилди. Ушбу ҳолат ТошкентОлмаота-Тошкент йўналишида чипталарнинг арзонлаштирилганлиги билан изоҳланади.

2021- йил бошидан нархларнинг сезиларли ошиши бензин (17,0%) ҳамда шахсий транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари (8,2%) нархларида қайд этилди.

Йиллик нисбатда эса инфляцион жараёнлар бензин (38.9%), шахсий транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари ҳамда ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматлари (18,8%) нархларида яққол намоён бўлди.

«Aхборот ва алоқа» бўлимида ой давомида овоз ва тасвирларни қабул қилиш, ёзиб олиш ва акс эттириш учун ускуналари 1,7% га, периферик ускуналар ва уларнинг сарфлаш компонентлари 0,9% га, компютер, ноутбук ва планшетлар ҳамда ахборот ва коммуникация ускуналарини таъмирлаш 0,7% га, телефон ускуналари 0,2% га қимматлашди.

«Дам олиш, спорт ва маданият» бўлимида асосий нархлар ошиши парклар (4,7%), музейлар ва кинотеатрлар (1,0%) хизматлари нархларида қайд этилди. Шу билан бир қаторда, тирик гуллар нархларида пасайиш (-0,5%) қайд этилди.

2020- йилнинг декабрига нисбатан энг юқори нархлар ошиши газеталар ва даврий нашрларда (14,8%), жумладан ҳафталик газеталарда 13,7% га, ойлик газеталарда 15,9% га нархлар ошиши қайд этилди.

Йиллик нисбатда нархлар ошиши бўйича етакчилик дарсликлар ва ўқув воситаларига тегишли бўлиб, ўтган йилнинг июнига нисбатан 36,0% га қимматлашган.

Бир ой давомида кафе ва ошхоналарда тайёр овқат 0,4% га, тез овқатланиш корхоналарида 0,5% га қимматлашди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида нархлар ўсиши бўйича дам олиш марказлари хизматлари 17,3% лик кўрсаткич билан етакчи бўлди.

Уй-рўзғор буюмлари ва хизматларидан сартарошхона хизматлари бир ойда 1,1% га, шахсий хизмат кўрсатиш корхоналари хизматлари 0,8% га қимматлашди.