10 кун аввал коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси 28 июндан бошлаб Ўзбекистонда карантин чораларини кучайтириш бўйича қарор қабул қилди. Чекловлар бундан олдин ҳам мавжуд эди, аммо уларга тўлақонли риоя қилинмас эди. «Газета.uz» мухбири Оғабек Самисов чекловлар кучайтирилишига қарамасдан, бўлаётган ҳолатлар ушбу қарорга акс эканлигига эътибор қаратди.

30 июнь куни Тошкент Ботаника боғида Ёшлар форуми ўтказилди ва унда президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бўлиб ўтган тадбирдан фото ва видеолавҳаларга эътибор қаратилганида, барча иштирокчиларнинг ниқобда эканлигини кўриш мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинроқ Ёшлар ишлари агентлиги Тошкентдаги Ёшлар ва талабалар форумининг барча иштирокчилари коронавирусга тест топширганини маълум қилди. «Иштирокчилар вакцина қилиниши режалаштирилган эди, лекин эмлашдан кейин тана ҳарорати кўтарилиши сабабли вакцинация ўтказилмаган», — дейилади агентлик баёнотида.

Республика махсус комиссиясининг қарори 25 июнь куни эълон қилинди. 28 июнь — айнан чекловлар кучга киришни бошлаган куни эса Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоятда кўнгилочар объектларнинг иш вақтини 22:00гача узайтиришни таклиф қилди. 29 июнь куни маълум қилинишича, вилоятда 28 июндан ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 22:00 гача рухсат берилди.

Шу ўринда Республика махсус комиссиясига савол туғилади: Ҳар бир вилоят ёки шаҳар (туман) раҳбари ўз ҳудуди учун карантин чекловларини мустақил белгилаши мумкинми? Бунда қабул қилинган қарор ким томонидан назорат қилинади?

Аввалроқ «Газета.uz» Махсус комиссиянинг ўзи ҳозиргача барча қарорлари эълон қилинадиган ва хроноголик тартибда сақланадиган расмий сайти йўқлиги, комиссиянинг қарорлари турли идоралар томонидан ва турли манбаларда, шу жумладан Telegram мессенжерида эълон қилиниши ҳақида ёзган эди.

Махсус комиссиянинг яна бир қарори турли баҳсли ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган Фарғона вилоятининг Қува туманида содир бўлгани айтилган видеода, овқатланиш объектида 20:00 дан кейин етказиб бериш учун ҳам рухсат йўқлиги тилга олинган. Видеолавҳада қарорни ўқиб берган шахснинг таъкидлашича, овқатланиш объектларида иш фаолияти 20:00 гача давом этиши керак. «Доставкага рухсат деган жойи йўқ бу ерда», — дея қўшимча қилади у.

Тошкент шаҳрида кўпгина объектларда мазкур хизмат тури соат 20:00дан кейин ишлаяпти. Республика махсус комиссиясининг қарорлари ягона расмий сайтда эълон қилинмаслиги ва баъзи ҳолатлар бўйича аниқ тартиб белгиланмаслиги карантин чекловларининг турли ҳудудларда турлича талқин қилинишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган йили блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу масала бўйича ўзининг телеграм-каналида ёзган эди.

«Билмадим, ўтган олти-етти ой ичида Республика махсус комиссиясининг сайтини очиб, бутун қарор-парорларини ўша ерга юклаб, кейинги қарорларни ҳам ўша ерда чиқадиган қилиб борса бўларди. Бардак», — дея фикр билдирган эди у.

У 2020 йил 1 октябрдан бошлаб тўйхоналарда тўй ўтказишга рухсат берилгани ҳақида 28 октябрь куни эътибор қаратган эди. «Лекин бу ҳақда шу вақтгача ҳеч қаерда расман эълон қилинмаган — на ҳалиги Коронавирусинфо каналида, на Лексузда, на ЎзАда, на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на Транспорт вазирлиги каналларида, хуллас, Республика махсус комиссиясининг қарор ва топшириқлари эълон қилиниши мумкин бўлган бирор манбада эълон қилинмаган», — дея қўшимча қилган у.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1 июль куни пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуаси базасида, шунингдек «Универсал» ва «Ёшлик» спорт мажмуаларидаги коронавирус беморлар учун тақсимлаш марказлари қайта очилаётгани ҳақида маълум қилди. 1 ва 4 июль куни эълон қилинган видеолавҳаларда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъулларга тегишли топшириқларни бериб, мажмуаларни кўздан кечираётганини кўриш мумкин.

Республика махсус комиссияси 28 июндан бошлаб кўнгилочар объектлар 20:00 гача ишлаши ҳақида эълон қилган эди. Комиссия қарорида келтирилган кўнгилочар объектларга истироҳат боғлари ва сайилгоҳлар кирадими ёки йўқ, бу ҳам тушунарсиз. Чунки қатор истироҳат боғларида оммавий концертлар, тадбирлар ўтказилмоқда.

30 июнь куни «Ашхобод Сайилгоҳи» истироҳат боғи 23:00 гача иш фаолиятини давом эттираётгани ҳақида маълум қилди. Шунингдек, сайилгоҳда 1 июлдан 4 июлгача концерт дастурлари бўлиб ўтди. Мазкур концертларнинг барчаси 19:30 дан бошланган.



Шунингдек, 30 июнь куни «Туркистон» саройининг ёзги майдонида GUF, MACAN, Xcho каби рэперлар иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Фото: Afisha.uz

Фотолардан концерт иштирокчилари ниқоб тақмаганига ва ижтимоий масофага риоя қилмаётганлигини кўриш мумкин.

Айнан ушбу концерт дастуридан 2 кун ўтиб GUF Instagram stories`да коронавирусга чалинганига ишора қилди.


Мазкур ҳолат тўғрисида «Вечерняя Москва» ва cosmo.ru нашрлари ҳам хабар берди.

Бир шаҳарнинг ўзида икки хил вазиятга гувоҳ бўлиш мумкин. Шаҳар ҳокими коронавирус беморлари даволаниши учун мўлжалланган жойларни кўздан кечирди. Бошқа жойда эса тадбирлар кечқурун ҳам бўлиб ўтмоқда.

2 июль куни Олмалиқ шаҳридаги «ОКМК» стадионида «Ёшлар куни»га бағишланган гала-концерт тадбири ўтказилди. Тошкент вилояти ҳокимлигининг таъкидлашича, Олмалиқ шаҳар СEО ва ЖС бўлими томонидан тадбир ўтадиган ҳудуд атрофидаги жойларда, жами 2110 кв. м майдонда тўлиқ дезинфекциялаш-зарарсизлантириш ишлари олиб борилган.

Қолаверса, тадбир иштирокчилари — волонтёрлар оралиғи 1,5 метрдан бўлиши ташкил этилиб, улар ҳам тиббий ниқоблар билан таъминлангани маълум қилинган. Тадбирда жами 10 000 дона тиббий ниқоб тарқатилган, 21 литр антисептик воситалари ишлатилган

Фото: Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги

Шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган фотоларда эса оралиқ масофа сақланмаган ҳолатни кўриш мумкин.

4 июль куни Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ММА бўйича «ATF Championship»нинг иккинчи турнири бўлиб ўтди.

Фото: Sports.uz

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Мазкур мусобақадаги суратларга эътибор қаратилса, меҳмон ва мухлислар учун ажратилган жойлар орасида масофа сақланмагани, шунингдек, ниқобсиз кишиларни кўриш мумкин.

Аввалроқ, Бухоро ҳокими Ботир Зариповнинг коронавирусга чалингани маълум бўлган эди. Ҳокимлик маълумотларига кўра, Ботир Зарипов 27 июнь куни Бухоро шаҳридаги «Хўжа Мушкин» ҳамда «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинининг ободонлаштиришдан кейинги очилиш маросимларида қатнашган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Лавҳалардан кўриниб турибдики, ҳоким ниқобсиз бўлган, фуқароларнинг қўлини сиқиб, масофа сақламаган.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати 4 июль куни жамоат жойларида тиббий ниқобсиз бўлиш ҳолатлари юзасидан тузилган баённомалар сонини маълум қилди. Унга кўра, 985 та шундай ҳолат аниқланган (3 июль куни 964 та).

2020 йил 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида тиббий ниқобсиз бўлганларни жаримага тортиш бўйича қарор қабул қилинган эди. Ушбу қарорга ўша пайтдан бери ўзгартириш киритилганлиги ҳақида расман эълон берилгани йўқ. Лекин карантин чоралари юмшатилган даврда кўчаларда ниқобсиз юрган фуқаролар ҳеч ким томонидан тўхтатилмади, улар жаримаган солинмади.

Маълумот учун, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 млн 225 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

22 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Махсус комиссия қарорига биноан ниқобсиз фуқаролар жамоат транспортига қўйилмаслиги ҳақида хабар берди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Тошкентда ниқоб режимига йўловчиларнинг фақат бир қисми риоя қилаётганлигига эътибор қаратган эди. Аксарият одамлар ниқобларни иягига тушириб олади ёки уларни умуман тақмайди.

Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни Ўзбекистонда 4 нафар коронавирус бемори вафот этди, 475 та янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди.

Аввалроқ, Зангиотадаги 2 минг кишига мўлжалланган касалхонада 2,5 мингдан ортиқ бемор коронавирусдан даволанаётгани, бўш койка-ўринлар қолмагани сабаб касалхонага беморларни қабул қилиш тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.

ССВ 2 июлдан бошлаб айни вақтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони ҳақида маълумот бермаяпти.

Оғабек Самисов тайёрлади