Сенат раиси Танзила Нарбаева журналистлар билан ўтказилган шанба кунги учрашувда давлат идораларининг очиқлиги ҳануз муаммоли масалалардан бири эканини таъкидлади, деб хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

«Давлат идораларининг очиқлиги ҳозир барибир муаммоли масала бўлиб турибди. Ҳали 100 фоиз очилди дея олмайман. Гарчанд ҳокимларда телевидение орқали мулоқотлари тез-тез кўриниб турибди, вазирлар ҳам чиқаяпти. Давлат идоралари вакиллари ўрганмаган эди, уларда телевиденияда чиқиш кўникмалари умуман йўқ эди. Улар ҳам ўрганаяпти», — деди у.

У шунингдек, журналистлар ёритаётган масалалар юзасидан муносабат билдириш тизими талабга жавоб бермаслигини айтиб ўтди.

«Сизлар [ОАВ вакиллари] кўтариб чиқадиган қандайдир долзарб воқеалар бўйича дарҳол муносабат билдириш, жойига чиқиб ўрганиб, уни ҳал қилиш, агар нотўғри маълумот бўлса, уни ҳам асослаб айтиб бериш бўйича ҳали ишларимиз талаб даражасида эмас», — деди юқори палата раиси.

Унинг сўларига кўра, Сенатда янги ташкил этилган Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси айнан давлат идораларида очиқликни таъминлаш бўйича иш олиб боради.

«Сенатнинг қошида янги қўмита ташкил қилдик. У ахборот сиёсати ва давлат идораларида очиқликни таъминлаш масалалари билан шуғулланадиган парламент қўмитаси бўлади. Ижро органи ўзи қилаверса бўлади-ку, деб айтишингиз мумкин. Лекин, ижро органи ҳеч қачон ўз айбини ўзи айтмайди. Ўзининг қилмаган ишини ўзи тан олмайди. Шунинг учун, парламент назорати органи сифатида бизда шу қўмита ташкил қилинди», — деди Танзила Нарбаева.

Унинг сўзларига кўра, қўмитага билимли, тажрибали журналист Фарҳод Боқиев раҳбар этиб сайланган.

Аввалроқ, Сенат раиси «ОАВларни ишига аралашиб, у нотўғри, бу тўғри дейиш давлатнинг иши эмас» дея таъкидлаган эди.