Маданият вазири телевидениедаги жонли эфирда коронавирусга қарши эмланди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги жонли сессиясида Маданият вазири Озодбек Назарбеков жонли эфирда коронавирусга қарши эмланди.

«Пресс-клуб давомида санъаткорлар ва журналистлар ҳам эмланиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Кўрстувда, шунингдек, «Бугун мамлакатимизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари қандай кетаяпти?», «Айни пайтгача нечта одам касалликка қарши эмланди?», «Асосан қайси вакциналар одамлар орасида машҳур бўлмоқда?», «Уларнинг орасида энг яхшиси, самарадори қайси бири?» каби саволларга жавоб олиш мумкин.

Аввалроқ, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин коронавирусга қарши «Sputnik V» вакцинасини олганлиги, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов эса хитой-ўзбек вакцинасининг синовида иштирок этганлиги учун эмлангани ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов COVID-19 га қарши хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар берган эдик.