Шу кунларда Франция пойтахти Париж шаҳрида гендер тенглик масалаларига бағишланган «Тенглик авлоди» халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур форумда Олий Мажлис Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда Франция ва Мексика раислигидаги «БМТ-Аёллар» тузилмаси томонидан ўтказилаётган тадбирда хорижий давлатлар раҳбарлари, жаҳон парламентлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари, ёш етакчилар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этмоқда.

Форумда сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳолатини яхшилаш учун қонунчилик базаси яратилгани, 2030 йилгача Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқлангани таъкидланди.

Шунингдек, «аёлларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, уларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан давлат томонидан ҳимоя қилиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш дастури амалга оширилаётгани» ҳақида тўхталиб ўтилди, дейилади хабарда.

«Тенглик авлоди: хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тенг ҳуқуқли келажак» кампанияси доирасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди, дея қайд этди Сенат матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, тадбир доирасида 100 дан ортиқ виртуал тадбирлар ўтказилади ва якунида «Ҳаракатлар коалицияси: Гендер тенгликни тезлаштириш дастури» қабул қилинади.

Таъкидланишича, «Тенглик авлоди» форумида кўп қиррали ҳаракатлар коалициялари яратилди, гендер зўравонлик, иқтисодий адолат, репродуктив ҳуқуқлар ва саломатлик, иқлим соҳасида адолатни қўллаб-қувватлаш учун хотин-қизлар фаолияти, технологиялар ва инновациялар, феминистик ҳаракатлар ва етакчилик бўйича аниқ ва ўлчанадиган натижаларга беш йил ичида эришиш учун улар ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ҳамда хусусий секторни бирлаштиради.

Коалицияларга 30 га яқин мамлакат ва 70 дан ортиқ турли тузилмалар, шу жумладан БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти муассасалари, ёшлар уюшмалари, хусусий компаниялар ва давлат хайрия ташкилотлари, бирлашган коалициялар қўшилган. Ҳаракатлар коалицияси доирасида Ўзбекистон хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва гендер зўравонликни бартараф этиш мажбуриятини ўз зиммасига олди, дейилади юқори палата баёнотида.