Тошкентда коронавирус беморлари учун тақсимлаш марказлари қайта очилмоқда

Тошкентдаги «Ёшлик» ва «Универсал» спорт мажмуалари ҳамда «Ўзэкспомарказ»да жойлашган коронавирус беморлари учун тақсимлаш марказлари фаолияти қайтадан йўлга қўйилмоқда. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев марказларни душанба кунига қадар тўлиқ очишни топширди. Президент бир неча ой ичида илк бор масофавий форматда йиғилиш ўтказди.

Абдулазиз Камилов АҚШ давлат котиби билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг АҚШ давлат котиби Энтони Ж. Блинкен билан учрашуви бўлиб ўтди. Давлат котиби АҚШнинг Ўзбекистон билан стратегик шериклигини чуқурлаштириш истагини билдириб, Ўзбекистоннинг Афғонистонда адолатли ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишини доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.

Халқ таълими вазири коронавирусга қарши эмланди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов COVID-19 га қарши хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланди.

Ярим йилда қарийб 500 та давлат мулки 1,1 трлн сўмга сотилди

Ўзбекистонда шу йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1,1 трлн сўмга сотилди. Президент видеоселекторда сотилиши белгиланган 288 та мулк савдоларга чиқарилмаганини танқид қилди. Қолаверса, давлат корхоналари ва банклари ихтиёридаги уларнинг фаолиятига хос бўлмаган 511 та объект ҳалигача сотилмасдан тургани айтилди.

Танзила Нарбаева Париждаги «Тенглик авлоди» халқаро форумида нутқ сўзлади

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган гендер тенглик масалаларига бағишланган «Тенглик авлоди» халқаро форумида иштирок этди. Форумда 2030 йилгача Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқлангани таъкидланди. Тадбир доирасида 100 дан ортиқ виртуал тадбирлар ўтказилади ва якунида гендер тенгликни тезлаштириш дастури қабул қилинади.

Ёшлар форумида қатнашганларнинг барчаси коронавирусга тест топширган — Ёшлар ишлари агентлиги

Ёшлар ишлари агентлиги Тошкентдаги Ёшлар ва талабалар форумининг барча иштирокчилари коронавирусга тест топширганлигини таъкидлади. «Иштирокчилар вакцина қилиниши режалаштирилган эди, лекин эмлашдан кейин тана ҳарорати кўтарилиш сабабли вакцинация ўтказилмаган», — дейилади агентлик баёнотида.

Абдулазиз Камилов ва Пентагон раҳбари Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдилар. Томонлар терроризмга қарши курашиш ва мудофаа вазирликларининг салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Тошкентда боғлар, яшил ҳудудлар ва хиёбонлар сони кўпайтирилади

Президент топшириғига мувофиқ, 2021−2022 йилларда пойтахтимизнинг 130 км пиёдалар ва 117 км велосипед йўлакларини қуриш, 12 та боғ, 25 та яшил ҳудуд ва сайлгоҳларни ташкил қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 140 гектар майдонга эга бўлган аттракционларсиз боғларни ва ҳар бир туманда кичик яшил боғларни ташкил қилиниши кутилмоқда.

Тошкентда деярли 900 млн сўм кредит маблағларини ноқонуний қўлга киритган шахс аниқланди

Тошкент шаҳрида 34 нафар фуқароларнинг номидан 897 млн сўм онлайн-кредит маблағларини ноқонуний тарзда қўлга киритган шахс аниқланди. Фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистонда бир нечта ижтимоий тармоқлар фаолияти вақтинчалик чекланди

«Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг қонуний талаблари» бузилганлиги учун Ўзбекистонда айрим ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланди, дея таъкидламоқда «Ўзкомназорат». Фаолияти чекланган ижтимоий тармоқлар номи кўрсатилмаган, аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Twitter, TikTok ва ВКонтакте фаолиятида узилишлар бўлаётганини айтмоқда.

Ўтган 6 ой ичида энг кўп чақалоқ Самарқандда туғилган

2021 йилнинг январь-июнь ойларида республикада 391 минг 258 та туғилиш қайд этилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп туғилиш бўйича Самарқанд, Фарғона ҳамда Қашқадарё вилоятлари юқори ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон иккиламчи бозорида уй-жойлар бир чоракда 5,7 фоизга қимматлашди

Иккиламчи бозорда уй-жойлар нархи II чорак давомида ўртача 5,7 фоизга кўтарилди. Нархлар энг кўп Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида қимматлашди, барча олди-сотди шартномаларининг учдан бири эса Тошкентга тўғри келмоқда. Пойтахтдаги кўчмас мулк нархлари аҳоли жон бошига даромади юқорироқ бўлган дунёнинг бошқа пойтахт-шаҳарларидан баландроқ, дейилади МБ мутахассиси шарҳида.