Тошкент вилоятида 80 сотих ерни 450 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси.

Маълум қилинишича, 1 июль куни ИИВга Н.М. ариза билан мурожаат қилиб, унда «Санжар» исмли шахс юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чорбоғ қўрғони, «Бочка» сув бўйича туристик ва бошқа дам олиш маскани қуриш учун мўлжалланган 80 сотих бўш ер майдонини кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, 450 минг АҚШ долларига сотишини маълум қилган. Шунингдек, бўнак сифатида 20 минг АҚШ долларини беришини талаб қилаётганлигини айтиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.


Мазкур аризага асосан, ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унга кўра, Ш. С. Бўстонлиқ тумани, Угам олма боғи кўчаси 82-уйда жойлашган дала ҳовлида ариза муаллифидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бўстонлиқ тумани бўлими томонидан фуқаро Ш. С.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Фуқаро Ш. С. ЖПКнинг 224-моддаси (Жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушлаб туриш тартиби) тартибида ушланган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.