AҚШда федерал даражада ўлим жазосига мораторий жорий этилди

AҚШ бош прокурори Меррик Гарланд федерал даражада ўлим жазосига мораторий жорий этди. «Aдлия вазирлиги федерал жиноий адлия тизими остида бўлган ҳар бир кишига нафақат АҚШ конституцияси ва қонунлар томонидан кафолатланган ҳуқуқлар берилишини таъминлаши, балки уларга нисбатан адолатли ва инсонпарварлик билан муносабатда бўлишларини таъминлаши керак», дейилади баёнотда. Унинг қўшимча қилишича, «Бу мажбурият, айниқса, ўлим жазосига оид ишларга тегишлидир».

Президент Жо Байден сайловолди кампаниясида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаб-қувватлашга ваъда берган эди. Таъкидланишича, ҳокимиятга келганидан бери унинг маъмурияти ушбу сайлов кампаниясидаги ваъдаси бўйича фаоллар томонидан кучайиб бораётган босимга дуч келмоқда. — АҚШ Адлия вазирлиги.

2020 йил 13 июль куни АҚШда 2003 йилдан бери биринчи марта федерал жиноятлар учун судланган жиноятчи қатл этилди. Жорий йилнинг январь ойида АҚШда федерал ҳукумат қарорига кўра 1953 йилдан бери илк бор аёл киши қатл этилди.


ЖССТ ва ЮНЕСКО мактабларда COVID-19'га тест топшириш зарур деб топдилар

ЖССТ, ЮНЕСКО ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) мактабларда COVID-19 коронавирусини аниқлаш бўйича тест топшириш ва вазиятни ўқувчиларни масофадан ўқитишга ўтказиш даражасига етказмаслик зарур деб топдилар. «Ёз ойлари миллий ҳокимият органларига инфекцияни камайтириш ва мактабларнинг ёпилишига йўл қўймаслик учун тўғри чораларни тайёрлашда яхши имконият яратади», дейилади ташкилотларнинг қўшма баёнотида.

Баёнотда пандемия пайтида мактабларнинг ёпилиши «болалар ва ёшларнинг таълимига, ижтимоий ва психологик фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиши» таъкидланган. «Биз пандемиянинг болаларни таълим олиш ва ривожланиш имкониятидан маҳрум этишига йўл қўёлмаймиз», дейилади унда. Бунга қўшимча равишда, баёнотда таъкидланишича, мактабларнинг ёпилиши фақат бошқа усуллар билан курашиб бўлмайдиган инфекциялар кўпайиб кетганда сўнги чора сифатида қўлланиши керак. Шу муносабат билан, БМТ тузилмалари мактабларда юқтириш ҳолатларини тезкор аниқлаш зарурлигини таъкидлаб ўтишди. — ЖССТ.


Aвстралия ҳукумати пандемиядан чиқиш бўйича тўрт босқичли миллий режани қабул қилди

Aвстралия ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши курашишнинг тўрт босқичли янги миллий режасини қабул қилди, унинг асосий элементлари эмлаш ва инфекциянинг олдини олишдир. «Биз ҳозирда эмлаш миллий дастурини муддатидан олдин амалга оширишни талаб қилувчи режанинг биринчи босқичидамиз. Унинг кейинги босқичи вирус тарқалишини бартараф этишга қаратилган бўлиб, бу бизга COVID-19'ни бошқа юқумли касалликлар сингари даволашга имкон беради», — деди мамлакат бош вазири Скотт Моррисон.

Режанинг учинчи босқичи эмланганларга нисбатан ҳар қандай чекловларни олиб ташлаш ва визалар рўйхатини кенгайтириш, шунингдек, эмланган Aвстралия фуқаролари учун халқаро саёҳатлар учун рухсат беришдир. Тўртинчи босқичда Aвстралия аввалги ҳаётига қайтиши ва ўз фуқаролари ва чет элликлар учун ўз чегараларини очиши мумкин, шу билан бирга, у ёки бу сабабларга кўра коронавирусга қарши эмланмаганлар учун баъзи санитария чекловлари сақланиб қолади. — ТАСС.


Буюк Британия 4 июлга қадар Aфғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқади

Буюк Британия АҚШ билан бирга ўз қўшинларининг асосий қисмини 4 июль куни Aфғонистондан олиб чиқишни якунлайдилар. «Барчамиз мамлакатни 4 июль куни тарк этамиз. Британиянинг асосий миссияси ҳам [Aфғонистондаги] 4 июлга қадар якунланади», дейилади манбада.

Аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги энг йирик авибазаси Баграмни тарк этиб, уни «исёнчиларнинг янги ҳудудларни эгаллашини тўхтатиш учун курашаётган» Афғонистон мудофаа кучларига топширгани ҳақида ёзган эдик.


Руминия бадалларни тўламаганлиги сабабли ЕКАда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлди

Ушбу қарз туфайли ўз номзодини илгари сурган 255 нафар руминиялик учун Европа космик агентлиги (ЕКА) фазогирлар корпусига қабул қилиш имкониятини пасайтиради, дея таъкидлади Руминия космик агентлигининг фахрий раиси, учувчи-космонавт Думитру Прунариу. Мамлакат охирги марта бадални 2020 йил декабрида тўлаган бўлиб, 2017 йилдаги 17 млн евро миқдорида қарзни ёпган. Тўрт йил давомида қарз фоизлар билан бирга тахминан 110 млн еврони ташкил этди. — ТАСС.


Бразилия парламенти аёлларга нисбатан психологик зўравонликни жиноят деб тан олди

Бразилия парламентининг юқори палатаси Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришларни киритиш орқали аёлга нисбатан психологик зўравонликни бир овозда жиноят деб тан олди. Лойиҳа матнига кўра, ушбу жиноят аёлнинг ҳар томонлама ривожланишига халақит бериш ёки уни камситиш, унинг хатти-ҳаракатлари, хулқ-атвори, эътиқоди ва қарорлари устидан назорат ўрнатиш орқали таҳдид қилиш, қўрқитиш, камситиш, шантаж, масхара қилиш, ҳаракат эркинлигини чеклаш, унинг психологик саломатлиги зарар етказиш каби ҳаракатлар аёлга руҳий зўравонлик етказиш деб белгиланади". Бунда айбдор деб топилганларга олти ойдан икки йилгача қамоқ жазоси ва жарима солинади. Шу билан бирга, парламент аъзолари аёлларга тан жароҳати етказишда айбдор бўлганлар учун энг юқори қамоқ муддатини тўрт йилгача оширдилар. — ТАСС.


Париждаги «Шарль-де-Голль» аэропортида иш ташлаш бошланди

Фото: АР/ТАСС

«Шарль-де-Голль» аэропортининг терминалларидан бири 2 июль куни иш ташлашга чиққанлар томонидан тўсиб қўйилди. Норозилик намойиши туфайли баъзи рейслар бир соатга кечиктирилди. Ҳозирча ҳеч қандай рейс бекор қилинмаган. Aэропорт веб-саҳифасида 1−5 июль кунлари иш ташлаш сабабли «парвозларнинг кечикиши кутилмоқда» деган хабар эълон қилинди. Aэропорт ишчилари касаба уюшма аъзолари меҳнат шартномаларини ўзгартириш режасини бекор қилишни талаб қилмоқда. Уларнинг фикрига кўра, ушбу режа айрим мукофот пулларини бекор қилишга олиб келади. Кейинги ҳафта 9 июль куни «Шарль-де-Голл»да яна бир қатор иш ташлашлар кутилмоқда. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • COVID-19 пандемияси туфайли халқаро туризм 4 трлн доллар зарар кўриши мумкин. Туризм соҳасининг тикланиши кўп жиҳатдан вакциналардан фойдаланиш имкониятининг мавжудлигига боғлиқ, дея ҳисоблайди БМТ экспертлари.