Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 1 июль куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Марказий Осиё минтақасидаги ўзгарувчан хавфсизлик вазиятини муҳокама қилдилар, дея Пентагон сайтида хабар берилмоқда.

Абдулазиз Камилов Қўшма Штатларга Ўзбекистондаги мудофаа соҳасини модернизациялашни доимий қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

«Вазирлар [икки мамлакат] ҳарбий тузилмалари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар ва терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги ва мудофаа идоралари салоҳиятини ошириш каби масалаларда яқин ҳамкорликни давом эттириш истаги билан бўлишдилар», — дейилади хабарда.

Ллойд Остин Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларини узоқ муддатли қўллаб-қувватлашини ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига қўшилишида ёрдам бериш истагини мамнуният билан қабул қилди. Вазирлар «Афғонистондаги [можаро]ни барқарор сиёсий тартибга солиш мақсадини янада илгари суришга содиқликларини тасдиқладилар».

Пентагон раҳбари Ўзбекистонга «Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги етакчи роли учун» миннатдорлик билдирди ва АҚШ минтақа давлатлари билан «умумий хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишда» ҳамкорликни давом эттиришини тасдиқлади.