Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуаси базасида, шунингдек «Универсал» ва «Ёшлик» спорт мажмуаларидаги коронавирус беморлар учун тақсимлаш марказлари қайта очилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1 июль куни кечқурун маълум қилди, деб хабар берди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати.

Фото: Тошкент ҳокимлиги.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Ёшлик» спорт-соғломлаштириш мажмуасига (Давлат хавфсизлик хизмати балансида) ташриф буюрди, у ерда 2 июль куни соат 00:00 дан бошлаб коронавирусга шубҳа қилинган беморларни қабул қилиш ва уларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишга мўлжалланган тақсимлаш маркази очилди.

Марказ 504 койка-ўрин, шу жумладан 60 та койка-ўринли жонлантириш бўлимини ўз ичига олади.

Шунингдек, ҳоким 3 июлга ўтар кечаси «Универсал» спорт мажмуаси базасида 770 ўринли тақсимлаш марказини очиш бўйича кўрсатма берди. Бунгача бу ерда Ўзбекистон гимнастикачилари Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган эди. Бу ҳақда 27 июнь куни бадиий гимнастика жамоаси мураббийси Екатерина Пирожкова гуруҳ машғулотларида маълум қилди.

Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев душанба куни «Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуаси негизида 700 ўринли тақсимлаш маркази ишини ҳам қайта тиклашга кўрсатма берди.

Жами бўлиб 2000 нафар бемор учун жойлар захираси шакллантирилиши керак.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёев бир неча ой ичида биринчи марта масофадан туриб йиғилиш ўтказди. Шу куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам Zoom платформаси орқали журналистлар билан матбуот анжумани ташкил қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

COVID-19 беморлари учун тақсимлаш марказлари декабрь ойи бошида ёпилган эди. Кейинчалик, касалланиш даражасининг пасайиши туфайли Вирусология илмий-тадқиқот институти ҳамда Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти клиникаси, шунингдек Клиник шошилинч ёрдам касалхонаси, Перинатал маркази ва 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ҳам одатдаги иш режимига қайтди.

«Газета.uz» 21 июнь куни икки ҳафтадан кам вақт ичида Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатларининг кунлик ўсиши икки бараварга — кунига 199 тадан 427 тага кўпайгани ҳақида ёзган эди (30 июнь ҳолатига кўра — 476 та ҳолат). Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси ташрифлар сонининг 2 баробарга, беморларнинг касалхонага ётқизилиши 1,5 баробарга ошгани ҳақида хабар берди.

24 июнь куни Инновациялар вазирлиги Ўзбекистонда ҳам юқумлироқ ва хавфлироқ ҳисобланган «дельта» коронавирус штаммини аниқлаганини тасдиқлади.

Коронавирус тарқалиши фонида 28 июндан бошлаб карантин чекловлари кучайтирилди. Шу билан бирга, ушбу чекловларга риоя қилмасдан оммавий тадбирларни ўтказиш давом этмоқда, жамоат транспортида эса уларга риоя қилиш шунчаки мумкин эмас.