23 июнь куни соат 17:30 ларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган 4К-271 автомагистраль йўлининг 9-км да автоҳалокат содир бўлди, дея хабар бермоқда «Nasaf TV» телеканали «Хабарлар» информацион дастури.

Маълум қилинишича, Nexia-3 ҳайдовчиси йўл четида велосипедда ҳаракатланаётган бобо ва унинг вояга этмаган набирасини уриб юборди. Оқибатда жабрланувчилар олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этди.

Фото: «Nasaf TV» телеканали

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, ўзидан 50−60 метр нарида велосипедда ўтирган одамни кўргач, у тезликни пасайтирган.

«Мен уларга яқинлашганимда, 1−2 метр қолган эди, тўсатдан велосипедчи йўлимга чиқиб қолди, тормоз босиб, олиб қочишга ҳаракат қилдим, лекин масофа яқинлиги учун уриб юбордим», деди ҳайдовчи.

Телеканал репортажида ҳайдовчининг қишлоқ жойларида тезликни ошириб юборгани қайд этилган. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у секинлашганда унинг тезлиги 60 км/с атрофида бўлган.

Фото: «Nasaf TV» телеканали

Мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, «Газета.uz» январь-май ойларида Ўзбекистонда 2960 та ЙТҲ қайд этилгани, бунинг оқибатида 2365 киши жароҳатланган, 770 киши эса вафот этгани ҳақида хабар берган эди. Мазкур ЙТҲларнинг 233 таси велосипедчилар билан содир бўлган.