15 июндан Ўзбекистонда сув ва салқин ичимликларни рақамли маркировка қилиш ишлари бошланиши керак эди. Мазкур лойиҳада бешта компания — Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, International Beverages Tashkent, Fruit Juice, Hydrolife Bottlers, Family Group иштирок этади.

Spot маълумотларига кўра, ўтган ой бошидан Hydrolife Bottlers, Coca-Cola, Family Group ва бошқалар вазирлик ва идораларга жамоавий мактуб ёзиб, унда маркировка бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш имконсиз эканлигини қайд этишган. Шу кунларда мурожаат ижтимоий тармоқлар ва ОАВда тарқалди.

Нашр компанияларнинг қуйидаги асосий далилларини санаб ўтди:

  • соҳа ҳаттоки мавсумлар оралиғида ҳам истеъмолчилар талабини қондира олгани йўқ, лойиҳани эса ёзги масумда ишга тушириш режалаштирилган. Бу корхоналарда рақамли маркировка тизимини ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнида сезиларли зарар келтиради. Линиялар ёзги мавсумда 100 фоиз қувват билан ишлайди ва уни қисқа муддатга тўхтатиш ҳам имконсиз;
  • ҳозирда савдо нуқталарида маркировкани ўқиш тизимлари мавжуд эмас. Россия тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, савдо ва ишлаб чиқаришдаги тизимларни бир хиллаштириш (унификация) жараёнида қийинчиликлар юзага келиши мумкин, чунки савдо нуқталарига ўрнатилган сканерлар таснифи ишлаб чиқаришга ўрнатилган рақамли маркировка турига мос келиши керак;
  • тажриба лойиҳаси учун ускуналар ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан сотиб олиниши керак, бироқ барча ишлаб чиқарувчиларга ускуналар учун бир марталик харажат асоссиз даражада қиммат. Аниқроғи, мазкур харажатлар 2021 йилги бюджетга киритилмаган. Катта эҳтимолга кўра, синов лойиҳаси ичимликлар саноати учун омадсизлик келтиради ва саноат ускуналар қиймати тўлаб берилган тақдирда ҳам асоссиз йўқотишларни келтириб чиқаради;
  • дунёда алкоголсиз ичимликлар саноати учун рақамли маркировка муваффақиятли жорий этилган бирорта ҳам мисол йўқ.

Spotнинг мактубга таяниб ёзишича, сув ва ичимликлар тоифасига нисбатан маркировка иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас, чунки маҳсулотнинг чакана нархи паст (алкогол ва тамаки маҳсулотларига қараганда), контрафакт (сохталаштириш) ҳолатлари эса статистик хатолик даражасида.

Ишлаб чиқарувчилар тизим мавжуд контрафакт муаммосини ҳал қилишга ёрдам бермаслиги, чунки бундай маҳсулотлар расмий савдо нуқталари орқали сотилмаслигини таъкидламоқда. Маркировкани жорий этиш маҳсулотнинг сезиларли даражада қимматлашишига, бу эса якунда талабнинг пасайишига ва биз бюджетга тўлаётган солиқлар миқдорининг камайишига олиб келиши мумкин, дейилади мактубда.

Компаниялар Саудия Арабистони ва Россияда алкоголсиз ичимликларни маркировкалашга уриниш муваффақиятсиз якунланганига эътибор қаратиб, шу муносабат билан синов лойиҳасини тўхтатишни таклиф қилишди.

ДСҚ муносабати

Давлат солиқ қўмитаси сув ва алкоголсиз салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг хавотирларини тўғри қабул қилишини қайд этди. Шу билан бирга, ДСҚ тажриба лойиҳаси тугагандан кейингина, унинг самарадорлиги тўғрисида асосли далиллар ва хулосалар шаклланиши мумкин деб ҳисобламоқда.

Қўмита ишлаб чиқарувчилар учун тажриба лойиҳасида ихтиёрий иштирок этиш ягона тўғри ечим деб ҳисоблашини маълум қилди. Унинг доирасида улар маркировкалаш ускуналари билан бепул жиҳозланади ва ходимларини ўқитиш ташкил этилади.

«Бу, ўз навбатида, 2022 йилнинг баҳорида режалаштирилган мажбурий рақамли маркалаш санасига ўз вақтида ва ортиқча қийинчиликларсиз тайёргарлик кўриш имконини беради. Қувватларни қайта жиҳозлаш жорий йилнинг куз ойи ўрталарига — сув ва алкоголсиз салқин ичимликларга бўлган талабнинг пасайиш мавсумига режалаштирилган», — дейилади хабарда.

ДСҚ 10 йилдан кўпроқ вақт олдин алкоголсиз ичимликлар маркировкасини бошлаган мамлакатларга мисоллар келтирди. Масалан, Белорусия (2005 йилдан АС БДБ тизими) Аргентина (2011 йилдан бери TRAFIP тизими), Бразилия (2008 йилдан бери SICOBE тизими), Арманистон (Vero code тизими 2013 йилдан) ва бошқа мамлакатлар тажрибаси.

Бундан ташқари, Россияда қадоқланган сувни маркировкалаш бўйича тажриба муваффақиятли якунланганди, шу муносабат билан минерал сувни 2021 йил 1 декабрдан бошлаб ва бошқа барча шиша (қадоқланган) сувларни 2022 йил 1 мартдан бошлаб мажбурий маркировкалаш тўғрисида қарор қабул қилинди, дея қайд этди қўмита.

«МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистонда биринчи бўлиб пиво маркировкаси муваффақиятли йўлга қўйганлиги республикамизда лойиҳанинг самарадорлигига алоҳида ишонч беради. Пиво ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган идишлар бир хил эканлигини ҳисобга олсак (ПЭТ идишлар, шиша бутилкалар ва идишлар), пиво мисолида алкоголсиз ичимликларни маркировкалаш бўйича технологик ечимлар амалиётга татбиқ этишга тўлиқ тайёрлигини кўрсатади», — дейилади хабарда.

ДСҚ, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар 4 июнь куни мурожаат этгани ва бугунги кунда ўтказилган музокаралар ҳамда лойиҳада иштирок этишнинг афзалликлари ҳақида тушунтиришлар берилганидан кейин йирик ишлаб чиқарувчилар (шу жумладан мурожаатномада кўрсатилган корхоналар) билан тажриба синов лойиҳасида иштирок этиш бўйича шартномалар имзоланганини маълум қилди.

Давлат солиқ қўмитаси барча сув ва алкоголсиз салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларини солиқ маъмуриятчилигидаги ислоҳотлар самарадорлигини «қоралаш» учун вақт ва куч сарфламасликка, балки давлат солиқ идоралари билан биргаликда маркировкалаш жараёнига босқичма-босқич ва эрта тайёргарликни бошлашга чақирди.