Ўзбекистон президенти 1 июль куни Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети (РМТТУ)нинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Филиал таълим фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди.

Филиал Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 103-уй манзилида жойлашган Тошкент тиббиёт академияси (Эски ТошМИ)нинг кўп тармоқли клиникаси бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Ҳужжатда қуйидагилар филиалнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун муҳим илмий-амалий муаммоларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш;
  • тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган замонавий таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини жорий қилиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни рағбатлантириш;
  • тиббиёт ва тиббиёт илм-фани соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш;
  • таълим ва фаннинг узлуксизлиги ҳамда узвийлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мажбурий интеграциялашув ҳисобига мутахассислар, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
  • таълим ва илмий фаолиятнинг тиббий ва фармацевтик фаолият билан чуқур интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
  • хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан таълим ҳамда тиббиёт илми соҳаларида узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлаш.

Филиалдаги таълим жараёни Россия Федерациясининг федерал таълим стандартларига мувофиқ, рус тилида олиб борилади.

Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда РМТТУ томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган РМТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий- амалий тиббиёт маркази ва Тошкент давлат стоматология институти ҳудудида янги ташкил этилаётган кўп тармоқли клиника филиалнинг асосий клиник базалари сифатида белгиланди.

Талабалар грант ва тўлов-контракт асосида таълим олишлари мумкин. Давлат гранти асосида таҳсил олган филиал битирувчилари Ўзбекистоннинг давлат тиббиёт муассасаларида камида 5 йил ишлаш шарти билан ишга тақсимланади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилида 35 нафар Ўзбекистон фуқароси Пирогов номидаги РМТТУда таҳсил олади.

Эслатиб ўтамиз, 14 июнь куни соғлиқни сақлаш ва коммунал хизмат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишган президент Шавкат Мирзиёевга РМТТУ билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берилган эди. Тақдимотда ҳамкорлик доирасида келгуси икки йилда Ўзбекистон талабаларини Россияга ўқишга юбориш, 2023−2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкентда РМТТУ филиалини очиш режалаштирилгани айтилган эди.

Н.И.Пирогов номидаги РМТТУ Россияда тиббий биокимё, кибернетика, биофизика мутахассисликлари бўйича шифокорлар, фармацевтлар, клиник психологлар, ижтимоий ишчилар, шунингдек тиббиёт илмий ходимларини тайёрлашни таъминлайдиган етакчи илмий ва ўқув тиббиёт марказидир.