Бош прокуратура томонидан ер қонунчилиги соҳасида самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун махсус телеграм-бот ишга туширилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати.

@YerNazoratBot хизмати орқали фуқаролар ўзлари яшайдиган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги бўлмаган ерлардан фойдаланишда қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида тезкор хабар беришлари мумкин. Мурожаат беришда фойдаланувчилар телефон рақами орқали рўйхатдан ўтишлари ва ҳудудларини кўрсатишлари керак.

Ҳозир уч турдаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш мумкин: ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилиш ҳамда ердан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш. Бош прокуратура томонидан белгилаб қўйилишича, ариза берувчининг шахси сир сақланаши таъминланади.

Июнь ойи бошида Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов 2 йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-торож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилганитш маълум қилган эди. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шавкат Мирзиёев ерга бўлган ҳуқуқни бозор активига айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳокимиятлар ерларни тўғридан-тўғри ажратиш, захиралаш, ободонлаштиришга ажратиш ва бошқа ваколатларидан маҳрум этилади. Ерга бўлган ҳуқуқларнинг турлари 6 дан 3 гача қисқартирилади. Ер участкалари хусусий секторга мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Бош прокуратура яна бир телеграм-ботни ишга туширган эди. У орқали «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишдаги камчиликлар ёки сифатсиз ишлар тўғрисида хабар бериш мумкин.