БМТ Тараққиёт Дастури ва Глобал экология жамғармаси кўмагида ҳамда «Атмосферага зарарли моддаларни кам чиқарувчи автотранспорт воситаларига инвестициялар жалб қилишни жадаллаштириш» дастури доирасида Тошкент шаҳри учун электробуслар сотиб олинади, дея хабар бермоқдаТранспорт вазирлиги матбуот хизмати.

30 июнь куни пойтахтда лойиҳани баҳолаш қўмитасининг манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирокида йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа Тошкент шаҳри мисолида шаҳар жамоат транспортида электротранспортдан жадал равишда фойдаланишни жорий этиш йўли билан атроф — муҳит сифатини яхшилашга йўналтирилган бўлиб, ушбу тажриба Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам жорий этилиши мумкин.

Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун электробусларни харид қилиш ҳамда пилот лойиҳа тариқасида шаҳарда «яшил транспорт йўлагини» жорий этиш режалаштирилган. Олти йил муддатга мўлжалланган лойиҳага донорлар БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экология жамғармаси томонидан 3,9 млн доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида 300 дона электробус сотиб олиниши ҳақида ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилган эди. 3 йил давомида харид қилинадиган транспортларнинг умумий қиймати 1 трлн сўм атрофида бўлиши кўзда тутилган эди.