Хитой биринчи аср мақсадига эришди ва ўртача фаровонлик жамиятини барпо этди — Си Цзиньпин

ХХР мутлақ қашшоқликни йўқ қилиш ва ўртача фаровонлик жамиятини барпо этиш бўйича биринчи аср мақсадига муваффақиятли эришди. Бу ҳақда ХКП Марказий Қўмитаси бош котиби, Хитой Халқ Республикаси раиси ССи Цзиньпин 1 июль куни Хитой коммунистик партиясининг (ХКП) 100 йиллиги шарафига бўлиб ўтган маросимда айтиб ўтди. «Ва энди биз асрнинг иккинчи мақсадимиз — Хитойни ҳар томонлама буюк, замонавий социалистик давлатга айлантиришга эришиш йўлида ишончли қадамлар ташламоқдамиз», — деди ХХР раҳбари. — ТАСС.

ХКП инқилобий ҳаракатнинг кучайиши даврида марксизм-ленинизм ғоялари асосида ташкил этилган; унинг биринчи қурултойи 1921 йил 23 июлдан 5 августгача ноқонуний равишда ўтказилган. Ўшанда делегатлар партияга расмий номини бериб, унинг биринчи дастурини қабул қилганлар.

Аввалроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин мамлакатда қашшоқлик тўлиқ бартараф этилганини эълон қилган эди. Ҳукумат сўнгги 8 йил ичида бунинг учун жами 246 млрд доллар сарфлаб, деярли 100 млн аҳолини қашшоқлик даражасидан олиб чиқди.


Вашингтон ва Орегон штатларида 80 га яқин киши иссиқлик туфайли вафот этди

Таъкидланишича, мамлакатда иссиқликдан ўлганларнинг умумий сони ҳали аниқ эмас, бадан қизиб кетиши натижасида касалхонага ётқизилганлар сони юзлаб саналмоқда. Биргина Орегон штатида аномал иссиқлик оқибатида 63 киши вафот этган. Штат Соғлиқни сақлаш бошқармаси иссиқлик билан боғлиқ 506 та қўнғироқни қайд этганини маълум қилди, улардан 251 таси душанба кунига келган. Вашингтон Тиббиёт департаментининг хабар беришича, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилгани туфайли ўзларини ёмон ҳис қилаётган одамларга 1648 та тез ёрдам хизмати кўрсатилган. 358 ҳолатда одамлар касалхонага ётқизилди. Қўнғироқларнинг энг кўпи (698), шунингдек, душанба куни қайд этилган. — The Wall Street Journal.

Шунингдек: Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида сўнгги беш кун ичида 500 га яқин ўлим ҳолатлари қайд этилди. Аксарият ҳолларда одамлар аномал иссиқ об-ҳаво туфайли вафот этгани айтилмоқда.


Грузияда COVID-19 туфайли ноябрь ойида жорий этилган комендантлик соати бекор қилинди

Фуқароларнинг тунда ҳаракатланишига қўйилган чекловларни бекор қилиш тўғрисида қарор COVID-19 га қарши курашиш доирасида тузилган идоралараро мувофиқлаштириш кенгаши томонидан қабул қилинди. Пандемия бошланганидан бери Грузияда 366 078 та юқтириш ҳолати қайд этилди, жами 5316 киши вафот этди. — Интерфакс.


Исроилда COVID-19 ҳолатлари бўйича кунлик рекорд қайд этилди

Сўнгги 24 соат ичида Исроилда COVID-19 билан касаллиниш бўйича рекорд қайд этилди — 307 та янги ҳолат. Бу апрель ойидан бери энг юқори кўрсаткич. Шундай қилиб, ҳозирги пайтдаги умумий ҳолатлар сони 1990 тага яқинлашмоқда. Улар орасида 29 киши оғир касал бўлиб, улардан 17 нафари сунъий нафас олиш ускунасига уланган. Эмлаш тез суръатларда давом этаётганига қарамай, келаси ҳафта Соғлиқни сақлаш вазирлиги кунига 500−600 та янги ҳолатлар аниқланишини тахмин қилмоқда. — The Times of Israel.

25 июндан буён COVID-19 билан касалланганлар сони ўсаётгани муносабати билан Исроил ёпиқ жойларда ниқоб тақиш режимини жорий этди. 15 июнь куни ниқоб тақиш режими бекор қилинган эди.


Беларусда Германиянинг Гёте институти фаолияти тўхтатилди

Белаурс ҳукумати Гёте институти ва Германия академик алмашиш хизматидан мамлакатдаги фаолиятини тўхтатишни талаб қилди, дея хабар бермоқда Германия ТИВ. «Биз Беларус томонининг Гёте институти ва Германия академик алмашиш хизмати (DAAD)нинг Беларусдаги барча фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қароридан афсусдамиз. Ушбу қадам Беларуснинг халқаро миқёсда изоляция қилинишига сабаб бўлади», — деб ёзилган баёнотда. Ушбу қарордан жабр кўрган «Беларус фуқаролари бўлиб, улар ижтимоий ва маданий фаолият юритиш имкониятидан маҳрум бўлишди», дея қайд этмоқда Германия ТИВ. — Германия ТИВ.

Шунингдек: Беларус президенти Aлександр Лукашенко Белаурс ва Россиянинг Иттифоқ давлати доирасида ривожланишнинг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли интеграция стратегиясини тайёрлашни таклиф қилди. Лукашенконинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири саноат интеграциясини ривожлантиришдир.


2020 йилда дунёдаги миллионерларнинг умумий бойлиги 79,6 трлн долларга етди

2020 йилда дунёдаги барча долларлик миллионерларнинг умумий бойлик қиймати 7,6 фоизга ўсиб, 79,6 трлнни ташкил этди. Бу ҳақда World Wealth Report ҳисоботида айтилмоқда. Бой одамлар сони 6,3 фоизга ўсиб, 20,8 млн кишини ташкил қилди. Таъкидланишича, бойликнинг кўпайишига ўтган йили қимматли қоғозлар бозоридаги сезиларли ўсиш сабаб бўлган.

Минтақалар бўйича ўзгариш суръатлари:


Минтақа
Бой одамлар сонининг ўсиши, фоизда
Бой одамлар сони, млн киши
Умумий бойлик қийматининг ўсиши, фоизда
Умумий бойлик қиймати, трлн доллар
1
Шимолий Америка
10,7
7
11,9
24,3
2
Осиё-Тинч океани
5,8
6,9
8,4
24
3
Европа
2,8
5,4
4,5
17,5
4
Африка
2,7
0,2
3,8
1,7
5
Яқин шарқ
6,8
0,8
10,7
3,2
6
Жанубий Америка
-4
0,6
0,5
8,8

Давлатлар орасида ўтган йили бой одамлар сони бўйича биринчи ўринни AҚШ (6,6 млн, +11,3%), кейин эса Япония (3,5 млн, +6,2%), Германия (1,5 млн, +6,9%) ва Хитой (1,46 млн, +11%) эгаллаган.

World Wealth Report дунёнинг ялпи миллий даромадининг 98 фоиздан ортиғи ва жаҳон фонд бозорлари қийматининг 99 фоизини ташкил этувчи 71 мамлакат маълумотларидан фойдаланади. — Интерфакс.