30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида иштирок этиб, бир қанча муҳим масалалар юзасидан нутқ сўзлади. Шу қаторда жамоатчиликни безовта қилаётган айрим муаммолар, жумладан, ёшлар орасида жиноятчилик кўпайиб бораётгани ҳамда айрим тиктокерларнинг номаъқул ҳатти-ҳаракатларига тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани, давлат раҳбари сифатида шахсан мени жиддий ташвишга солмоқда. Ўтган 5 ойда 7 мингдан зиёд ёшлар жиноят содир этгани, ҳозирги вақтда қарийб 40 минг нафар ёшлар профилактик ҳисобда тургани ҳам хавотиримиз бежиз эмаслигини кўрсатмоқда», — деди у.

Шу билан бирга, давлат раҳбари айрим тиктокерларнинг ҳатти-ҳаракатларини ҳам танқид остига олди.

«Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни, жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди. Бу болаларнинг ота-онаси, бобо-момолари, ўқитувчи ва муаллимлари¸ қолаверса, маҳалла-кўй, ёшлар билан ишлайдиган масъул мутасаддилар қаерга қараяпти?», — деди у.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 7 апрелида эса бир қиз ва икки йигит пойтахтдаги Амир Темур ҳайкалидан коронавирус қачон кетишини сўрагани учун 15 суткага, шу йилнинг 10 майида ижтимоий тармоқларда икки йигит Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали олдида ноўрин ҳатти-ҳаракатлар содир этгани учун 15 суткага, 2 июнда эса олмалиқлик қиз «Она ва бола» монументи олдида ноўрин ҳаракатлар қилгани сабаб ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш судга оширилган эди.

Унинг сўзларига кўра, зарур бўлса бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари янада кучайтирилади.

«Ватанимиз ёшларига мутлақо ярашмайдиган, барчамизга иснод келтирадиган бундай салбий кўринишларга жамиятимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги зарур. Керак бўлса, биз халқимизнинг муқаддас қадриятлари, тимсоллари ва табаррук қадамжоларига беписанд муносабатда бўладиган кимсаларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтирамиз. Бундай бузғунчи ишларнинг олдини бугун олмасак, эртага кеч бўлади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент ёшлар тарбиясига масъул бўлганлар нимага сукут сақлаётганини ҳам айтиб ўтди.

«Бу борада мени бир нарса чуқур ўйлантиради. Нима учун ёшлар тарбиясига бевосита масъул ва жавобгар бўлган ташкилотлар, ота-оналар, педагогик жамоалар бу масала бўйича тезкор ва принципиал муносабат билдирмаяпти?», — деди у.

У сўзида давом этаркан, ҳозирги ғоят мураккаб даврнинг кескин талаби ҳар қандай имконият ва минбардан фойдаланиб, ислоҳотларга халақит бераётган барча муаммо ва камчиликларни биргаликда, очиқ ва ошкора муҳокама қилиш лозимлигига эътибор қаратди.

«Чунки бу ишларни ўзимиз қилмасак, четдан келиб ҳеч ким биз учун қилиб бермайди. Шунинг учун Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича муовинлари, олийгоҳлардаги тегишли проректорларнинг мақоми, ваколати ва масъулиятини ошириш, иш услубларини ўзгартириш ва мутлақо такомиллаштириш керак», — деди давлат раҳбари.

Парламент палаталари ана шундай мутасадди раҳбарлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартибини жорий этиши ўринли бўлиши қўшимча қилинди. Ҳукумат эса шу асосда уларнинг ваколатларини кенгайтириш, иш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириши айтилди.

«Давлат бошқаруви академиясида ёшлар масаласига мутасадди барча раҳбарларнинг билим ва малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этилиши керак. Улар ўз вилояти ва туманлари, мактаб, коллеж, техникум, олийгоҳлардаги ёшларнинг маънавий тарбияси учун бевосита масъул бўлиб, ҳар ойда таҳлилий муҳокамалар ўтказиши ва маҳаллий кенгашларда ҳисобот бериб бориши даркор», — деди Мирзиёев.

Сўзи якунида, бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.