26−27 июнь кунлари Зомин миллий табиат боғида Ўзбекистонда илк маротаба Zaamin Ultra спорт, мусиқа ва санъат фестивали бўлиб ўтди. Samarkand Half Marathon доирасида ўтказилган ушбу тадбир Маданият ишлари Вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризм ва спорт вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.

Унда иштирок этиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, хаттоки, Россия давлатларидан спортчилар етиб келишди. Марафонда 600 нафар иштирокчи 50 км, 21 км, 10 км масофани босиб ўтишди, қолаверса, шимолча юришда қатнашувчилар ҳамда ҳаваскор югурувчилар 2 кмлик масофада куч синашди.

Марафон Тожикистоннинг Сўғд вилояти чегарасидан 7 км узоқликда жойлашган тоғли ҳудудда ўтказилди. Спортчиларнинг хавфсизлиги ва тинчликни сақлаш мақсадида ҳудудга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари жалб этилди.

Марафонни бевосита кузатган «Газета.uz» мухбири марафондаги ҳаяжонли дақиқалар, қолаверса, тадбирдан бир кун олдинги тайёргарлик жараёнидан фоторепортаж тайёрлади.

27 июнь куни соат 7:00да 50 кмда баҳслашувчи спортчилар учун старт берилди. Соат 10:00да эса қолган масофани босиб ўтишга тайёр қатнашчилар ҳаракатни бошлашди.


Ҳаттоки профессионал спортчилар ҳам бир ҳолатни — баландликка кўтарилиш ва пастга тушишдан иборат бўлган масофани босиб ўтиш ҳар қачонгидан-да оғирроқ бўлганини қайд этишди.

Қайд этиш жоизки, марафонда барчага бирдек эсдалик учун медаллар топширилди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, старт-финиш майдончасидан 5 км узоқликдаги ҳудудда 6−7 асрларда кумуш кони мавжуд бўлган. Шундан келиб чиқиб, медалларда кумушнинг структуравий кўриниши акс этган.

Медал концепциясини тайёрлаш кўп вақт талаб қилган ва у хориж мамлакатларида ишлаб чиқарилиб, олиб келинган. Таъкидланишича, кўпчилик иштирокчилар мазкур медални ўзининг шахсий коллекциясида кўриш мақсадида ҳам марафонда иштирок этган.


Дониёр Қурбоналиев.

50 км масофа

1 ўрин: Дониёр Қурбоналиев (4:24:27)

2 ўрин: Нодир Таниев (4:48:28)

3 ўрин: Рафаэль Зинуров (5:05:30)


Аёллар ўртасида ягона иштирокчи: 1 ўрин: Дилфуза Аллаярова (6:19:30)


21 км масофа

1 ўрин: Жуманазар Абдураҳмонов (1:35:32)

2 ўрин: Жавлонбек Абдуллаев (1:46:14)

3 ўрин: Асилбек Орифхўжаев (1:49:50)


Аёллар ўртасида

1 ўрин: Диана Валиева (2:15:03)

2 ўрин: Наталья Пятаева (2:18:52)

3 ўрин: Луиза Назарова — Россия (2:33:38)


10 км масофа

1 ўрин: Ойбек Усмонов (43:08)

2 ўрин: Юсувжон Абдуллаев (43:09)

3 ўрин: Андрей Куликов (45:23)


Аёллар ўртасида

1 ўрин: Александра Кузницова — Россия (1:09:25)

2 ўрин: Кристи Житетская (1:10:38)

3 ўрин: Дурдона Сафарова (1:11:12)


Рақамларга эътибор қаратсак, 600 нафар иштирокчи, тадбирни ўтказиш учун 80 тонна юк олиб келинган ва олиб кетилган. Шунингдек, спортчилар соғлиғи учун 7 та тез ёрдам экипажи шай туришди. Қолаверса, трассада турган 25 нафар кўнгилли икки кунлик тез ёрдам кўрсатиш амалиётини ўташди, 10 нафар ярим ой жамияти кўнгиллиси эса ҳар қандай вазиятда кўмаклашиш мақсадида жалб қилинди.


Марафоннинг энг ёш иштирокчиси 9 ёшли Тимур Захидов — 2 км масофани босиб ўтиб, ота-онасини финишда кутиб турибди.





Марафонда эсда қоларли ҳолатлар ҳам етарлича бўлди. Шулардан бири, 10 км масофани босиб ўтиб, финишга етиб келган Мансур Расулов уни кутиб турган Наргиза Ойтугадиеванинг қўлини сўради. Наргиза эса «ҳа» деб, ўзини розилигини билдирди.



«Тоғлар орасидаги чодирлар». Иштирокчилар марафондан бир кун олдин вақтини қандай ўтказди?


26 июнь куни спортчилар старт бериладиган ҳудудга биринма-кетин кела бошлашди. Вақтлироқ келганлар аллақачон чодирларни тиклаб, ўрнашиб олди.


Кўпчилик оилавий келган бўлиб, ўзларига барча қулайликларни яратиб бўлгач, ҳордиқ чиқаришмоқда.


Жамоавий спортчилар эсдалик учун видеога тушмоқда.


Атроф-муҳитга зарар етказмаслик масаласи ҳам ўйлаб қўйилган. Ҳар ким маъсулиятни ўз бўйнига олган ҳолда, чиқиндиларини кетиш чоғида ўзи билан олиб кетади. Қолаверса, чиқиндиларни йиғиб олиш мақсадида волонтёрлар гуруҳи ҳам ташкил этилган. Бу ерда кўчма овқатланиш шохобчалари билан биргаликда, биохожатхоналаргача ўрнатилди.


Хаттоки жажжи мухлислар ота-оналари билан биргаликда марафонни кузатишга, яқинларини қўллаб-қувватлашга келишган.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».