Ҳукуматнинг 29 июндаги [401-сон] қарори билан Жиззах шаҳрида Sambhram университети ташкил этилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Бу борадаги келишувнинг шу йилнинг 16 февралида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегациянинг Ҳиндистонга ташрифи доирасида эришилган. Меморандумни Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳамда Sambhram Group рағбари Награж Вентакеш томонидан имзолаган.

Sambhram технология университети Sambhram Group`га тегишли нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Компания таълим соҳасида 30 йиллик тажрибага эга бўлиб, дунё бўйича ўзининг 7 та халқаро кампусига эга.

Университетнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири — ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлашдан иборат.

Жиззахда ташкил этилган таълим даргоҳида ўқитиш кундузги таълим шаклида инглиз, рус тиллари ва давлат тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари университет томонидан белгиланади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Қарорга кўра, Университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратилади. Бунда талабаларнинг 5 фоизини — бепул ўқитиш, 5 фоизига — 50 фоизли, 10 фоизига — 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этилади.

Sambhram Group компанияси (Ҳиндистон) қуйидаги мажбуриятларни олади:

  • тўрт йил давомида жами уч миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш;
  • Университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратиш, бунда талабаларнинг 5 фоизини бепул ўқитиш, 5 фоизига 50 фоизли, 10 фоизига 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этиш;
  • Университетга 60 фоиздан кам бўлмаган малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш;
  • ҳар йили Университет битирувчиларининг 25 фоизидан кам бўлмаган қисмини тегишли мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ва ҳ.к.