2019 йилда Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 52,11 фоизни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларида ушбу кўрсаткич пастроқ — Тожикистонда 40,76 фоиз, Қозоғистонда 36,65 фоиз ва Қирғизистонда 30,53 фоизга етган. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Яширин иқтисодиётнинг улуши жаҳон мамлакатлари, жумладан, АҚШда 8,0%, Бразилияда 36,5%, Испанияда 21,7%, Италияда 19,5%, Португалияда 18,5%, Кореяда 18,4%, Хитойда 14,5%, Канадада 11,0%, Германияда 10,2%, Буюк Британияда 9,6%, Австралияда 9,0%, Сингапурда 8,6% ва Японияда 8,1%ни ташкил қилди.

Маълумотлар MIMIC модели асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Жаҳон банки экспертларининг маълумотлари бўйича дастлабки ўрганиш натижаси ҳисобланади.

Вазирлик эълон қилган инфографикада Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 2003 йилда — 35 фоиз, 2007 йилда — 50 фоиз, 2011−2017 йилларда — 45−50 фоиз атрофида бўлганини кўриш мумкин. Графикадаги номутаносибликларга аниқлик киритиш мақсадида «Газета.uz» мухбири вазирлик ахборот хизмати билан бир неча бор боғланди, бироқ улар томонидан аниқлаштирувчи ахборотлар тақдим этилмади. Ушбу маълумотлар билан бевосита ишлаган вазирлик мутахассислари эса вазир рухсатисиз қўшимча маълумот берилмаслигини қўшимча қилишди.


Фото: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.

2018 йилнинг 12 январида Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМнинг 50 фоизидан кўпроқни ташкил этиши маълум қилинган эди.

Бироқ, Buyuk Kelajak халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти маълумотлари 2019 йилда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоизга етганини кўрсатган эди. Йиллик йўқотиш эса $16−17 млрдга тенг бўлган. Шу йили бундай кўрсаткич билан Ўзбекистон 159 мамлакат орасидан 152 ўринни эгаллаган.

2020 йилнинг 9 сентябрида Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистонда 245 трлн сўм маблағ соя остида эканлиги, яширин иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши эса таҳминан 48 фоизга тўғри келишини хабар қилганди.

Вазирлик хабарида шунингдек, Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда «2021−2025 йилларда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича Стратегия» ва «Яширин иқтисодиёт улушини баҳолаш методикаси» (MIMIC модели асосида) каби лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани қайд этилган.

«Шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлган соҳалар таҳлили, амалдаги имтиёзлар ва преференцияларни бекор қилиш, „Risk analysis“ дастурининг амалиётга жорий этилиши, кузатувлар асосида баҳолашнинг дастлабки натижалари, яширин иқтисодиётни саноат бўйича баҳолаш, „пулни ювиш“ ва ноқонуний пул оқимларига қарши кураш чоралари, „Чеклар“ бўйича совринли ўйинлар ва монетар методда яширин иқтисодиётни баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, президент раислигида 2020 йил 27 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган тизим жорий этилиши айтилганди. «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш тадбиркорларни жазолаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш дегани эмас», — деган эди Шавкат Мирзиёев.