Ўтган ҳафта коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси 28 июндан бошлаб Ўзбекистонда карантин чораларини кучайтириш бўйича қарор қабул қилди. Чекловлар бундан олдин ҳам мавжуд эди, аммо уларга тўлақонли риоя қилинмас эди. «Газета.uz» ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарор ва чоралар баъзида бир-бирига зид эканлигига, айрим чекловларга риоя қилишнинг эса умуман иложи йўқлигига эътибор қаратади.

Сўнгги ойларда бутун мамлакат бўйлаб оммавий тадбирлар ўтказилди, улар навбатдаги чекловлар эълон қилинганидан кейин ҳам тўхтамади (бу тадбирларнинг олдиндан режалаштирилганлигига боғлиқ бўлиши мумкин). 29 июнь куни Ўзбекистон Ёшлар куни арафасида Тошкент Ботаника боғида «Учинчи ренессанс бунёдкорлари» шиори остида Ёшлар ва талабалар форуми бошланди.


Фото: Тадбир ташкилотчилари.

Ташкилотчилар пресс-релизида форум минглаб иштирокчиларни йиғиши, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чеклов чоралари ҳисобга олиниши ҳақида айтилади. Турли ҳудудлардан келган иштирокчилардан масофани сақлаш, карантин нормаларига риоя қилиш сўралмоқда, форумнинг ўзи эса очиқ ҳавода ўтказилмоқда.

Тадбир суратларига қаралса, кўплаб иштирокчилар ниқоб тақмай юрганлигини, ижтимоий масофага эса риоя қилинмаётганлигини кўриш мумкин. 30 июнь куни форумда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиши кутилмоқда.


Фото: Тадбир ташкилотчилари.

Шу кунларда Тошкент боғларида Ёшлар кунига бағишланган фестиваллар бўлиб ўтмоқда. Уларни бекор қилиш ёки иштирокчилари сонини чегаралаш бўйича режалар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

28 июнь куни Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри олдида «Таҳсин» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда юзлаб одамлар қатнашди. Стулларни ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда қўйиб чиқилганлигига қарамасдан одамларнинг бир жойга тўпланишининг олди олиб бўлмади. Кўплаб иштирокчилар ниқобсиз эдилар.


«Ўзбекистон 24» репортажидан лавҳа.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Мухаммаджон Бозоров «Газета.uz»га маросимга ташриф буюрган барча иштирокчилар ПЗР-тести топширганлигини таъкидлади. Аммо тадбирда қатнашган «Газета.uz» мухбиридан тест топшириш сўралмаган эди.

Душанбадан бошлаб мамлакатдаги барча кўнгилочар объектлар (умумий овқатланиш пунктлари, дискотекалар, бильярд ва компьютер заллари ва бошқалар) соат 8:00 дан 20:00 гача ишлаши керак. Ташриф буюрувчилар сони ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий ошмаслиги керак. Сешанбадан бошлаб Қашқадарё вилоятида ҳоким таклифига кўра, иссиқ иқлимни ҳисобга олган ҳолда умумий овқатланиш объектларига соат 22:00 гача ишлашга рухсат берилди.

«Чекловлар ресторанларга тааллуқли (у ерда столлар орасидаги масофани кенгайтириш мумкин), лекин ҳеч қандай масофаланиш бўлмаган жамоат транспортлари, бозорлар ва бошқаларга тегишли эмас, — дея ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди ресторатор Санжар Мақсудов Kapital.uz нашрига. — Вирус мутация қилиб 23:00 дан кейин эмас, 20:00 дан кейиноқ хавфли бўлганлигини тушундик. Қаердандир вирус соат кечки 20:00 гача транспортда хавфсиз бўлиб, уйқуда бўлиши маълум бўлиб қолди».

22 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Махсус комиссия қарорига биноан ниқобсиз фуқаролар жамоат транспортига қўйилмаслиги ҳақида хабар берди.

«Газета.uz» Тошкентда ниқоб режимига йўловчиларнинг фақат бир қисми риоя қилаётганлигига эътибор қаратди. Аксарият одамлар ниқобларни иягига тушириб олади ёки уларни умуман тақмайди. Автобус ҳайдовчилари ва кондукторлари, ҳамда метрополитендаги назоратчилар ва ИИО ходимлари шамол тегирмонлари билан курашмаяпти.

Жамоат транспортида ижтимоий масофани сақлашнинг иложи йўқ, айниқса тиғиз пайтда. Охирги йилда йўловчи ташувчи таркиб сонини ошира олишмади, бу эса инфекциянинг тарқалиши хавфини камайтириши мумкин эди. Асосий ҳаракатланиш транспорти Damas бўлган ҳудудларда эса ижтимоий масофани сақлаш масаласини кўтариш ҳаттоки ноқулай.

Бозорлар ва супермаркетларда карантин талаблари инкор қилинмоқда. Одамлар кўпинча қўриқлаш хизмати вакиллари ёнидан ўтгандан сўнг ниқобларни ечишади.

Жамоат транспортларида ва оммавий тадбирларни ўтказишда карантин талабларига риоя қилиш ҳамда чекловлар орасидаги зиддиятлар бўйича «Газета.uz»нинг саволига жавобан Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров идора карантин чораларини ҳақиқатдан кучайтириш бўйича ташаббус билан чиққанлигини, бироқ бу ҳақидаги қарорни Махсус комиссия қабул қилишини таъкидлади.

Комиссиянинг қарорларидаги яна бир зиддият — 12 июлгача Тошкент шаҳрига автотранспортларда киришга чеклов қўйилиши. Пойтахт «қизил» зонага киритилган ва республика бўйича ушбу мақомга эга ягона ҳудуд. Шу вақтнинг ўзида, Тошкент «пропискасига» эга аҳоли вилоятларга чиқиши мумкин.

Махсус комиссиянинг ўзи ҳозиргача барча қарорлари эълон қилинадиган ва хроноголик тартибда сақланадиган расмий сайт очгани йўқ. Комиссиянинг қарорлари турли идоралар томонидан ва турли манбаларда, шу жумладан Telegram мессенжерида эълон қилинади.

«Газета.uz» ушбу кўтарилган саволлар бўйича Махсус комиссия ва бошқа идораларнинг изоҳларини эълон қилишдан мамнун бўлади.