Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар ва талабалар билан Ботаника боғида бўлиб ўтган учрашувда хориждаги ўзбек ёшларини ватанга қайтариш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимизни Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз», — деди у.

Бу борада янгича тизим яратилишини қайд этилди. «Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизимни жорий этамиз», — деди президент.

Ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсат қатъий давом эттирилиши таъкидланди.

«Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар. Жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз „Эл-юрт умиди“ жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.

«Ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига бундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлайди ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва бошқа рағбат турларини ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилади», — деди президент.