Ўзбекистон мудофаа вазири раҳбарлигида барча куч тузилмалар иштирокида ўтказилган машғулотларда бўлинмаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракати, жанговар шайлиги синовдан ўтказилди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

«Дунё ва минтақада юз бераётган қуролли тўқнашувлар, ҳарбий сиёсий вазият ҳар қайси давлатнинг Қуролли кучларини янада такомоллаштиришни, шахсий таркибнинг жанговар шайлигини янада оширишни талаб этмоқда», — дейилади хабарда.

Қўққисдан ўтказилаётган текширувда авиация, артиллерия ва батальон тактик гуҳларининг жанговар шайлиги текширилди. Машқ шартига асосан бўлинмалар шахсий таркибига чегарани кесиб ўтган шартли душманни йўқ қилиш вазифаси юклатилган. Унга кўра Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг бўлинмаларига «Йиғин» сигнали берилди.

Жумладан, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда жойлашган ҳарбий аэродромида эрта тонг соат 04:00 жанговар топшириқ берилди. Авиация мутахассислари томонидан учиш аппаратлари жанговар шай ҳолатга келтирилди. Жануби-ғарбий махсус ва Тошкент ҳарбий округлари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бўлинмалар билан кенг масштабда ўтказилаётган ушбу тактик ўқув машғулотлари реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилди.

«Термиз» дала ўқув майдонига етиб келган ҳарбий хизматчилар томонидан зудлик билан қўриқловни ташкил этиш, юқори қўмондонлик билан алоқани таъминлаш, учувчисиз учиш аппаратлари кўмагида чегараолди худудларида ҳавода ва ерда разведка қидирув ишлари олиб борилди, шартли душман жойлашган ҳудуд, куч воситалари, шахсий таркибининг сони, қурол-аслаҳалари хусусида тўлиқ маълумотлар тўпланиб, ҳужум режаси ишлаб чиқилди.

Бўлинма командирлари томонидан ностандарт вазиятларда қабул қилинган кескин қарорга асосан дастлаб батальон тактик гуруҳларини ҳаводан қўллаш мақсадида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг авиация бўлинмалари ҳаракатга келтирилди.

Жараёнларни мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов бевосита кузатиб борди. Ҳаво кенгликларида СУ-25 самолётларини бошқараётган ҳарбий учувчилар шартли душман жойлашган ҳудудга кетма кет авиация зарбаларини берди, дейилади хабарда.

Шу пайтнинг ўзида МИ-35 вертолётлари шартли душманнинг жанговар техникаларни йўқ қилишга киришди.

Тошкент ҳарбий округи «Ангрен» умумқўшин тоғ дала ўқув майдони ҳам Қуролли кучлар куч тузилмалари билан тактик ўқуви ўтказилди.