Жаҳонгир Отажоновнинг ҳақоратомуз видео чиқишларига ҳуқуқий баҳо берилади, дея хабар бермоқдаТошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, сўнги кунларда ижтимоий тармоқларида Жаҳонгир Отажонов турли номақбул чиқишлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

17 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспектори томонидан М.Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчасида ҳаракатланиб келаётган давлат рақами 01/835 MHA бўлган Gentra русумли транспорт воситаси тўхтатиб текширилган. Ҳайдовчи (1979 й.т.), Олмазор тумани, Тансиқбоев кўчасида яшовчи фуқаро Атажанов Алишер Сапарбаевичнинг (Жаҳонгир Отажоновнинг укаси) бошқарув ҳуқуқини берувчи хужжатлари бўлмагани сабабли автоулов жарима майдонига жойлаштирилган. Айни вақтга қадар тегишли хужжатлар тақдим этилмаётгани сабабли вақтинча сақланмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда Жаҳонгир Отажонов ўзининг давлат органлари хизматчиларига нисбатан ҳақоратомуз видеочиқишлари орқали яқинларининг ҳуқуқбузарликларини яшириш, ўзининг маиший муаммоларига омма эътиборини тортишга уринишлари намоён бўлмоқда.

«Мазкур фуқаронинг ҳаракатларида туҳмат ва ҳақорат қилиш аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, ҳолатга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилади ва жамоатчиликка қўшимча равишда ахборот тақдим этилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов президентлик сайловларида қатнашиш истаги борлигини маълум қилган эди. «Керак бўлса, партия тузаман», — деган эди у. Бироз вақтдан сўнг у сайловда қатнашиш истагидан қайтганини маълум қилган.