28 июнь куни Вашингтон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Саманта Пауэр USAID раҳбарлигини шу йилнинг май ойида қабул қилиб олди. Барак Обама маъмурияти даврида у АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили (2013−2017), шунингдек президентнинг махсус ёрдамчиси ва Миллий хавфсизлик кенгашида кўп томонлама алоқалар ва инсон ҳуқуқлари бўйича катта директор (2009−2013) бўлган. Time журнали уни 100 та энг нуфузли инсонлар рўйхатига киритган ва Forbes уни сайёрадаги 100 та энг нуфузли аёллардан бири деб атаган.

Музокаралар чоғида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамда Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ечиш борасида Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

С.Пауэр Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ўсишга эришилаётганлигини олқишлади ҳамда Ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар тараққиёт бўйича мақсадларига эришишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Абдулазиз Кaмилов USAID раҳбарини июль ойининг ўрталарида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» конференциясига таклиф қилди.

«Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Маълумот учун, 2020 йил октабрь ойида АҚШ Ҳукумати мамлакатимиздаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда тўлақонли миссия очилишини эълон қилган эди. 2021 йил 10 июнда Микаэла Мередит Ўзбекистондаги USAID миссиясининг биринчи директори вазифаларини бажаришга киришди.