МДҲ давлатлари кибертерроризмга қарши курашда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни кўриши керак, дея таъкидлади Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СТМИ) директори Элдор Арипов.

29 июнь куни Тошкентда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича МДҲ давлатлари халқаро эксперт форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир СТМИ томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда МДҲ Ижро қўмитаси қўллаб-қувватлови билан ташкил этилмоқда.

«Мувофиқлаштирилган ва бир-бирини тўлдирувчи чораларни қабул қилиш ахборот соҳасидаги бугунги таҳдидларга жавобларнинг самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Ҳамдўстлигимиз майдони бундай ҳамкорликни йўлга қўйишга замин яратади, деб ўйлайман», — деди Элдор Арипов форумнинг очилишида.

СТМИ директори жадал рақамлашиш шароитида пандемия коронавируси даврида ахборот хавфсизлигига таҳдидлар кескинлашганлигини таъкидлади. Жумладан, молия ва банк-кредит соҳасида кибержиноятлар сони ортиб бормоқда, бу эса давлатларнинг иқтисодий хавфсизлигига таҳдид солади.

«Ахборот маконидаги хавфсизликка таҳдидларнинг трансчегаравий хусусияти миллий ҳаракатларни иккитомонлома, минтақавий ва халқаро даражадаги қўшма ҳаракатлар билан қўллаб-қувватлашни талаб қилади», — дея қўшимча қилди эксперт.

Форумда ҳамдўстлик давлатларидан келган 50дан ортиқ экспертлар, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашмоқда. Тадбир кун тартибига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар билан курашиш, кибержиноятларни тергов қилиш шунингдек ахборот маконида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби масалаларни муҳокама қилиш киради.