Президент Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Охирги 5 йилда мамлакатда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баравар ошиб, 2020 йилда 148 минг тоннага етган. Лекин ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ишлари етарли эмас. Хусусан, миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинмоқда, дея қайд этилди йиғилишда.

Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутилмоқда.

Мисдан келадиган даромад бугунги кунда 2,5 млрд долларни ташкил этмоқда. Келгуси 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг тоннагача етказиш орқали, бу кўрсаткични турдош тармоқлар билан бирга 7−8 млрд долларга етказиш мумкин.

Мис нархининг ўсиш суръати (LME.Copper, тоннаси учун USD). Йил давомида мис нархи тоннаси учун 5919 доллардан 9365 долларгача ўсди. Май ўртасида котировка 10,5 минг доллардан ошди.

Шу мақсадда, 24 июнь куни «Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Мис саноати кластери ташкил этилиши белгиланди ва бош вазир раҳбарлигида Махсус комиссия тузилди.

Йиғилишда рангли ва ноёб металлар учун геология-қидирув ишларини кенгайтириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси Бобир Исломовнинг маълум қилишича, 2017 йил сўнгида мис захиралари 16 млн тоннани ташкил этган, бироқ сўнгги тўрт йил ичида геологик разведка ишлари натижасида мазкур кўрсаткич 44 млн тоннагача ошди.

Бундан ташқари, соҳада лойиҳа ва муҳандислик хизматларини ривожлантириш учун етакчи халқаро компанияларни жалб этган ҳолда, замонавий лойиҳа институтини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатда тоғ-кон ускуналари ва жиҳозларини ишлаб чиқаришни ҳамда уларга сервисни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Президент комбинатларда автотранспорт, рақамлаштириш каби алоҳида фаолият турлари хусусий секторга кооперация ва аутсорсинг асосида берилишини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ноёб металлар ва қотишмалар бирлашмасида металл қотишмалар тайёрлаш, «Ўзэлтехсаноат» корхоналарида маиший техника, компьютер, аккумулятор батареялар, электромобилларнинг бутловчи қисмлари каби юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Инновацион ривожланиш вазирлигига соҳа корхоналарининг фаолиятини илмий-тадқиқот ва амалий инновация ишлари билан узвий боғлиқликда ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш топширилди. Кластернинг ҳар бир бўғини учун олий маълумотли мухандис-технолог ҳамда ишчи мутахассисларни тайёрлаш, шу мақсадда етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

Малакали мутахассисларни жамлаб, мис саноати кластерини ташкил этиш бўйича чет эл тажрибасини чуқур ўрганиш, халқаро компанияни жалб қилган ҳолда, геология ва кон-металлургия соҳасини ривожлантиришда стратегик йўналишларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

23 июнь куни Enter Engineering ва «Уралмашзавод» компаниялари Олмалиқ КМКда 2 млрд долларга консорциум шаклида мис-бойитиш комбинатини қуришга келишиб олди. Дастлаб лойиҳани Renaissance Heavy Industries билан SFI Management Group назорати остида амалга оширишга келишилган эди, бироқ февралда улар лойиҳадан чиқарилди.