Москвадаги кафе ва ресторанларга фақат махсус QR-код тақдим этилгандан кейингина ташриф буюриш мумкин, тегишли қарор 22 июнь куни Москва мэри Сергей Собянин томонидан имзоланди, дея хабар бермоқда РБК.

Мазкур код коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар, кафега келишдан аввал, ярим йил ичида COVID-19 билан касалланганлар (касаллик факти шифокорлар томонидан қайд этилган бўлиши керак) ёки уч кундан кечиктирмай ПЦР тестининг манфий натижасини олган фуқароларга берилади.

Текширувдан ўтган меҳмонлар кафе ва ресторанларда ниқобсиз ва қўлқопсиз бўлишлари мумкин, аммо овқатланиш жойи ходимлари ушбу шахсий ҳимоя воситаларида бўлишлари шарт. Қабул қилиш ёки етказиб бериш хизмати учун QR код талаб қилинмайди. 12 июлга қадар QR кодисиз пойтахт ресторанларининг ёзги верандаларида ўтириш мумкин бўлади.

Болалар ва сайёҳлар кафега ташриф буюриш учун ПЦР тестини топширишлари керак. Худди шу талаб вакцинанинг фақат биринчи дозасини олганларга нисбатан ҳам қўлланилади.

16 июнь куни Россиянинг Роспотребнадзори ишлайдиган москваликларнинг 60 фоизини эмлашни буюрган эди. Мажбурий эмлаш савдо, хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларида, шунингдек гўзаллик салонлари, фитнесс-клублар, театрлар, кинотеатрлар ходимларига тааллуқли. Ходимларнинг 60 фоизини эмламаган юридик шахслар 1 млн рублгача жаримага тортилади. «Москва шаҳрида эпидемиологик вазият ёмон деб баҳоланмоқда. Аҳолининг жамоат жойларига фаол ташриф буюриши натижасида беморларнинг сони кўпаймоқда», — дейилади ҳужжатда.

Москвада эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани сабабли 15−19 июнь дам олиш кунлари деб эълон қилинди, 20 июнга қадар ҳайвонот боғлари ва савдо марказларидаги фудкортлар ёпилди, ресторан ва кафелар кечки пайт ишламайди. Талабалар имтиҳонларни онлайн топширишади. Шунга ўхшаш чекловлар, фақат дам олиш кунларисиз, Санкт-Петербургда ҳам жорий қилинган.