Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши «Электроэнергетика тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш» лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси 380 млн доллар, ва Яшил иқлим фонди (ЙИФ) 43 млн доллар кредит ажратади. Ушбу молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида тақдим этилади ва тўловнинг энг узоқ муддати 40 йилгача бўлади. Шунингдек, ЙИФ лойиҳа доирасидаги алоҳида тадбирлар учун 4 млн доллар миқдорида грант ажратади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилдаги 61 млрд кВт⋅с дан 2030 йилга келиб 100 млрд кВт⋅с дан ортиқгача ўсиши кутилмоқда. Ҳозирда мамлакатда 250 минг км дан ортиқ электр узатиш линиялари ва тарқатиш тармоқлари мавжуд. Уларнинг аксарияти Совет Иттифоқи даврида қурилган ва уларнинг эксплуатация муддати анча вақт олдин тугаган.

«Эскирган инфратузилма электр энергиясининг катта ҳажмда йўқотилишига олиб келади, бу эса ишлаб чиқарилган электр энергияси умумий ҳажмининг тахминан 20 фоизини ташкил этади. Шунингдек, бу бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясининг куп узлизларига ҳам сабаб булмоқда, бу эса аҳолининг иқтисодий фаолияти ва фаровонлигига зарар етказади», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Лойиҳа «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» учун устувор инвестицияларни молиялаштириш орқали эскирган энергия инфратузилмасини модернизация қилишга ёрдам беради. Лойиҳа фаолияти, жумладан, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудуларида 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва кенгайтиришни, шунингдек 500 киловаттлик янги подстанцияни ва электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олади.

Электр энергиясини узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплутация қилиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида лойиҳа доирасида замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Уларга диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш учун янги дастурий-аппарат мажмуаси (SCADA), шунингдек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) яратиш киради. Лойиҳалаш доирасидаги чора-тадбирлар Совет Иттифоқидан бери ишлатиб келинаётган эскирган тизимларни янгилашга имкон беради.

Лойиҳа доирасидаги чора-тадбирлар ҳукуматнинг электроэнергетика соҳасини декарбонизациялаш бўйича режаларини амалга оширишга ёрдам беради. Жумладан, лойиҳа 1500 мегаваттгача қайта тикланадиган манбаларни энергия тизимига интеграция қилишга ёрдам беради. «Ушбу чора-тадбирлар атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларининг янада камайишига олиб келади, шунингдек қайта тикланувчи энергетика соҳасига қўшимча хусусий бнвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистонни Афғонистон, Қозоғистон ва Тожикистон электроэнергетика тизимлари билан боғлайдиган инфратузилмаларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий энергия савдосини ривожлантиришга ёрдам беради.