27 июнь соат тахминан 13:00ларда Ангрен шаҳар ИИБ Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходими сафдор, Бекзод Бобомирзаев (1987 й. т.) Ангрен шаҳар ИИБнинг 4-қаватида ўзига бириктирилган «ПМ» табель қуролидан ўзининг жағ қисмига қарата бир маротаба ўқ узди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

Оқибатда сафдор Бобомирзаев олган жароҳатидан воқеа жойида вафот этган.

Маълумотга кўра, ўз жонига қасд қилиш сабаблари ИИВ ва прокуратура органларининг махсус ташкил этилган гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.

Ҳолат Ички ишлар вазирининг шахсан назоратига олинган, дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода айтилишича, Бобомирзаевга нисбатан Акмаль исмли инспекция ходими томонидан босим бўлган ва ундан пул сўраган. Вафотидан аввал акасига қўнғироқ қилиб, «онасини розилигини олмоқчи бўлгани» айтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати Ангренда ИИБ ходими Бекзод Бобомирзаев ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.