Президент Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни Тошкентда олиб борилаётган қатор объектлар қурилиши билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Бир йил муқаддам президент Сергели туманини пойтахт билан боғлайдиган йўл ва йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишган эди. 26 декабрь куни ушбу йўлнинг муҳим қисми бўлган Қипчоқ кўчаси бўйлаб ўтган кўприк очилди. Бугунги кунда ушбу кўприкдан янги йўл ва Чўпонота кўчасига борадиган яна бир кўприк қурилмоқда.

Кичик ҳалқа йўли ва Салар канали устида қурилаётган кўприкнинг узунлиги 788 метр, чиқиш-тушиш қисми билан ҳисоблаганда 950 метр бўлади.

Ўзига хос муҳандислик ечимига эга бу иншоот монолит услубида, бетон аралашмаси ичидаги темир тўқималарни таранг тортиш технологияси асосида бунёд этилмоқда. «Бу хавфсиз бўлиши билан бирга, қуриш учун жуда қулай. Хусусан, бу ердаги ишлар ҳам Кичик ҳалқа йўли ва темир йўлдаги қатновни тўхтатмаган ҳолда давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.

«Бу арзон, мустаҳкам, халқимизга ҳам маъқул технология. Келажакни ҳисобга олиб, ҳали кўп жойда кўприклар қурамиз. Шунинг учун мутахассислар ва талабаларни бу ерга олиб келиб, жараённи кўрсатиш, замонавий технологияларни ўргатиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу кўприкдан Қипчоқ кўчасигача 6 километр йўл қурилмоқда. Тошкент ҳалқа автомобиль йўли билан кесишган жойда туннель бўлади. Шу тариқа, пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Чўпонота кўчаси ва Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси самарали боғланади.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл — Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланмоқда. Шу боис унда қатнов жуда кўп, тирбандлик катта.

6 қаторли янги кўприк ва йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади. Натижада Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, ҳаракат вақти 20−25 дақиқага камаяди.

Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар ўрнатилади. Бўш майдонларда «яшил ҳудудлар» барпо этилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилади.

Шу ерда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Янги Ўзбекистон кўчасида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

«Газета.uz» Яккасарой ва Сергели туманларини боғлайдиган олти қаторли автойўл ва учта йўл ўтказгич қурилиши қиймати 280 млрд сўмдан 518,3 млдр сўмгача оширилгани ҳақида ёзган эди. Қурилиш ишлари Grand Road Tashkent томонидан олиб борилади. Ҳукумат лойиҳани тендерсиз амалга ошириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ишлари билан бир вақтда олиб боришга рухсат берган эди.

Пойтахт ҳокимлиги ва бош пудратчи буни қурилиш материаллари нархининг ошгани ва лойиҳа такомилга етказилгани билан изоҳлади.