Қўқонда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишидан сўнг, Қозоғистон маданият ва туризм вазири Актоти Раимкулова Silk road visa Буюк Ипак йўли мамлакатлари «Осиё Шенгени» вазифасини ўташи кутилаётганини маълум қилди. У бу ҳақда «Газета.uz» мухбири билан суҳбат вақтида айтиб ўтган.

Маълумот ўрнида, аввалига Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ягона туристик визани ишлаб чиқишни режалаштирган эди. Мазкур ғоя 2018 йилнинг тўртинчи чорагида Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Қозоғистон биринчи ҳудудлараро форумида тилга олинган, деб маълум қилмоқда «Газета.uz» мухбири. Кейинчалик Қирғизистон томони ушбу келишув юзасидан аниқ қарорини билдиришни кейинга қолдирди. Шу боис виза борасидаги гап-cўзлар фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон атрофида айлана бошлади.

2021 йилнинг 18 майига келиб, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ягона сайёҳлик визасини ишга туширишга тайёрлиги айтди. «Аниқ санани икки томонлама комиссия белгилайди… Биз барча техник муаммоларни ҳал қилдик, қарор қилиш арафасидамиз. Давлатнинг ички тасдиқлаш тартиб-таомилларидан ўтиб олишимиз керак», — деган Абдуҳакимов.

У шунингдек, «Осиё Шенгени»га Қирғизистон жуда фаол қизиқиш билдираётганини, Озарбайжон билан автоном ўзгаришлар мавжудлиги, эҳтимол Тожикистон, Мўғулистон, шунингдек, бир қатор Кавказорти республикалари ушбу лойиҳага қўшилиши мумкинлигини қайд этганди.

Пайшанба куни Қўқонда бўлиб ўтган туризм вазирлари йиғилишида қозоғистонлик вазирнинг сўзларига кўра, ҳар бир мамлакатда алоҳида виза бўлганидан ҳамма учун тенг ҳуқуқлардаги ягона виза яратилгани барча учун бирдек манфаатли.

«Ягона туристик — Silk road visa`ни ташкил этиши бўйича жуда катта ишлар қилинди. Бу Буюк Ипак йўлидаги мамлакатлар учун ушбу визани яратиш жуда катта аҳамиятга эга. Биз учун бу жуда ҳам муҳим қадам. Чунки шу орқали маҳаллий ва хорижий туристлар Буюк ипак йўлидаги давлатлар бўйлаб визасиз бемалол ҳаракатлана олишади», — деди у.

Қозоғистон маданият ва туризм вазири Актоти Раимкулова. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Ушбу визанинг турли бандлари бўйича жуда кўплаб учрашувлар ва келишувларга эришилди.

«Бу нафақат бизни жуда катта хоҳишимизни ифодалайди (туризм вазирлари — таҳр.), балки давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида кўп ишлар қилиниши керак деганидир. Шунингдек, барча мамлакатлар учун ягона бўлиши мумкин бўлган тартиблар рўйхатини ишлаб чиқиш ҳам зарур. Яъни, фуқаролик ҳолати бўйича — мисол учун қайсидир мамлакатда четга чиқиши мумкин бўлмаган шахслар бўлиши мумкин. Ҳозир давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари шу каби масалаларни кўриб чиқишмоқда», — деди вазир.

Актоти Раимкулованинг қўшимча қилишича, пандемия сабаб визани қабул қилиш бўйича ишлар бир муддат кечиккан.

«Мен ўйлайманки, тез фурсатларда мазкур виза амалда қўлланила бошлайди. Албатта, пандемия ўзини таъсирини кўрсатмай қолмади, ҳаракатларимиз бир муддат тўхтаб қолди. Азгина вақт йўқотдик, бироқ Иншаоллоҳ 2022 йилдан виза амал қила бошлаши ҳақиқатга яқин», — деди у.

Қозоғистон вакиласи ўз сўзи якунида бу жараённи тезроқ бошланиши мамлакатлар ўртасидаги кўриладиган чораларга боғлиқлигини таъкидлаган.