ДТМ кириш имтиҳонларига 30 млрд сўм харажат қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов хабар берди.

Таъкидланишича, ўтган йилги қабул жараёнлари атрофида 90 млрд сўм атрофида пул тушган.

«Бизга бюджетдан энг минимал маблағ берилади. Биласиз, бизда ўзимизнинг таянч экспертлар, ташқаридан жалб қилинган экспертлар, чет тилидан CEFR тизими учун экспертлар ишлашади. Президент мактаблари, ихтисослашган мактаблардан тест олишади. Бундан ташқари, биз февралдан мартни охиригача ҳарбий қисмларга бориб, тест оламиз. Буларнинг ҳаммаси учун харажат қарийб 30 млрд сўмдан ошади. Бу фақатгина тест жараёнларига кетадиган ҳамда ходимларга ортиқча имтиёз сифатида тўланадиган маблағлар», — деди Мажид Каримов.

Каримовнинг қайд этишича, бундан ташқари моддий-техник база учун сарфланадиган харажатлар ҳам бор.

«Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ тест материаллари чоп этилади ва текширилади. Бунда ноёб қурилмалар, хусусан Япониядан келтирилган скантрон жиҳози қўлланади. Бу жуда нозик қурилма, ўтган йили очиқ ҳавода имтиҳон ўтказилганидан кейин, унинг заҳира қисмларини, қоғоздаги маълумотларни „ўқийдиган“ сезгир оптик воситаларини тўлиқ алмаштиришга тўғри келди. Чунки очиқ ҳавода шамол бўлгани туфайли жавоб варақалари қум, чанг зарралари билан қопланган ҳолда келди. Моддий-техник базани янгилаб бориш учун сарфланадиган шу каби харажатлар билан боғлиқ рақамлар ДТМнинг сайтида эълон қилиб борилади», — дейди Давлат тест маркази раҳбари.