Олий Мажлис Сенатининг 25 июнь куни бўлиб ўтган 16-ялпи мажлисида Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманлари чегараларига ўзгартиш киритиш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Гап Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш ҳақида кетмоқда.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарлари, жумладан, вилоятнинг Ангрен ва Бекобод шаҳарлари ҳамда Қибрай ва Пискент туманлари бошқа туман ва шаҳарларда жойлашган «анклав» ҳудудларга эга. Бу ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг самарали ташкил этилиши, аҳолининг ижтимоий таъминоти ва давлат органлари билан ўзаро муносабатларини амалга ошириши, вояга етмаганларнинг таълим жараёнини назорат қилиш ҳамда уларни туман (шаҳар) даражасидаги оммавий тадбирларга жалб қилиш ва бошқа жараёнларда муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида"ги қонунга асосан Тошкент вилоятининг юқорида қайд этилган туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартириш таклифи илгари сурилмоқда. Жами ўзгартирилаётган туман ва шаҳарлар чегараларининг ер майдони 17 359,1 гектар бўлиб, шундан 10 084,8 гектари қишлоқ хўжалиги ерларидир.

Эслатиб ўтамиз, 15 июнь куни Тошкент вилояти чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди. «Газета.uz» вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳудудлари қандай ўзгариши ҳақида батафсил ёзди.

Тошкент ва Тошкент вилояти чегараларини ўзгартириш бўйича лойиҳа президентга ўтган йилнинг августида тақдим қилинган эди. Кейин Геодезия кадастри давлат қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев Тошкент вилоятида жами 19 та анклав ҳудуд мавжудлигини хабар қилди.