Айни вақтда Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирларининг VI йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Мазкур тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ҳамда Венгриянинг туризм масалалари бўйича вазирлари иштирок этмоқда.


Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши йиғилиши учун айнан Қўқон шаҳри танлангани бежиз эмаслигини таъкидлади.

«Тилимиз, динимиз бир, тарих ва маданиятларимиз муштараклиги Туркий Кенгаш ташкилоти фаолиятининг барҳаётлиги кафолатидир. Шу сабабдан меҳмондўстлик саноати — туризм алоқаларини мустаҳкамлаш бугунги Кенгаш иштирокчиларининг асосий мақсадидир», — деди вазир.

Унинг айтишича, Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 2021 йил майидаги ҳисоботига кўра, халқаро туризмнинг тикланиши ва пандемиянинг соҳага таъсирини камайтиришда энг самарали усул — мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик эканлиги айтиб ўтилган.

«Туркий халқлар одатига кўра — қариндошлик алоқаларини ушлаб туриш учун тез-тез меҳмон — қўноқ бўлиш, ўзаро йўқлаб бориш, анъанаси ота-боболаримиздан қолган. Биз, бугун қардошлик алоқаларни мустаҳкамлаш ва бир-бирмизнинг уйимизда меҳмон бўлиш учун мавжуд саволларга жавоб топишимиз лозим», — деди Ўзбекистон вакили.

Шундан келиб чиқиб, Азиз Абдуҳакимов кенгаш аъзоларига еттита таклифни билдирди:

Биринчидан. Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида транспорт логистика тизимини ривожлантириш долзарб масала. Бу умумий манфаатларга тўлиқ мос келади.

«Бунинг учун, шаҳарлар ўртасида мунтазам ва чартер парвозлар ташкил қилиш, туристик поезд, автобуслар қатновини йўлга қўйиш ва сайёҳларнинг ўз автомобилида ҳаракатланишига имконият яратишимиз лозим», — деди у.

Иккинчидан. Давлатлар туризм салоҳиятини тарғиб қилишга янгича ёндошув зарур.

«Пойтахт ва туризм шаҳарлардаги аэропорт ва вокзалларда туризм маълумот марказларини ташкил қилган ҳолда тарғибот материалларини 24/7 режимида жойлаштиришни таклиф қиламан», — деди вазир.

У шунингдек, маҳаллий телеканалларда қардош халқлар ва меҳмондўстлик тўғрисидаги кўрсатувларни доимий равишда эфирга бериб бориш кераклигига эътибор қаратди.

«Биз „Туризм 365″, „UzReport“ ва „Тарих“, Ал-Бухорий“ халқаро йўлдош телеканалида сиз томонингиздан тақдим этиладиган дастурларни жойлаштиришга тайёрлигимизни маълум қиламиз», — дея таъкидлади Абдуҳакимов.

Учинчидан. «Маданий мерос объектларимизни тиклаш, реставрация қилиш, қадимий ахритектурасини йўқотмаган ҳолда сақлаб қолиш, рақамлаштириш, самарали менежмент жорий қилиш ва келажак авлодга етказишга эҳтиёж мавжуд».

Ўзбекистон туризм ва спорт вазири Туркий Кенгаш ҳузурида аъзо давлатларнинг маблағи асосида Маданий мерос объектларини асраш жамғармасини ташкил этиш таклифини билдирди.

«Жамғарма маблағлари биринчи навбатда Кенгаш аъзолари бўйича тўлиқ маданий мерос объектлари онлайн харитаси — платформасини яратишга жалб этилади».
Маълумот ўрнида, 2018 йилда Европа Иттифоқининг грант маблағлари асосида ЮНЕСКО «visitworldheritage.com» платформасини яратган эди. Унга ЕИ ҳудудидаги маданий мерос объектлари киритилган.

Тўртинчидан. Туркий давлатларнинг ягона маданий ва туризм тадбирлари тақвимини яратиш таклифи илгари сурилди.

Унга кўра, халқ ўйинлари — этно спорт (улоқ-кўпкари, дорбозлик, кураш, камондан ўқ узиш, тош кўтариш) ва бахшилар мусобақасини ўтказиб бориш тарихий анъаналарнинг йўқолиб кетишининг олдини олади.

«Бобурийлар сулоласи бошланган қадимги Ахсикент қалъаси ҳудудида „Туркий овоз“ қўшиқ ва куй фестивалини ташкил этишни таклиф этаман», — деди бош вазир ўринбосари.

Бешинчидан. «Туроператорларни туризм бозорларига кириб боришини қўллаб-қувватлаш ва улар ёрдамида қўшма турлар ташкил қилиш барча учун манфаатли».

Олтинчидан. Туризм таълими соҳасида тажриба алмашиш ва соҳадаги мутахассисларнинг доимий малакасини ошириш, академик туризмни йўлга қўйиш зарур. «Бунда, икки томонлама грант маблағлари ажратиш масалаларини кўриб чиқиш лозим».

Еттинчидан. «Туркий Кенгаш томонидан таклиф қилинган „Туризм пойтахти“ ташаббусини қўллаб қувватлашимизни маълум қилган ҳолда, унинг воситасида ҳозирда машҳур туризм масканларни эмас, балки сайёҳлик потенциали юқори бўлган шаҳарларни ривожлантиришимиз лозим. Ўзбекистон томони Туркий дунё ва халқларининг ривожланишида ўзининг алоҳида ўрнига эга, Ипак йўли равнақига муҳим ҳисса қўшган Қўқон шаҳри номзодини илгари суради ва сиздан мазкур шаҳарни Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти сифатида қўллаб қувватлашингизни сўраб қоламиз», — деди Абдуҳакимов.