Қўқон Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг туризм пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақда Қўқонда бўлиб ўтаётган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишида айтиб ўтилди дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов барча туркий давлатларда Қўқон шаҳрини туристик салоҳиятининг тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил қилинишини таъкидлади.

«Мен барча мамлакатларнинг туризм вазирларига Қўқонни Туркий давлатларнинг туристик пойтахти сифатида қўллаб-қувватлашда ҳисса қўшишларини сўрайман. Бу бизга туркий давлатлардан кўплаб сайёҳларни жалб қилишда ёрдам беради», — деди у.

Олдинроқ, Азиз Абдуҳакимов Қўқонни Туркий кенгаш давлатларининг илк «Туризм пойтахти» деб эълон қилиш бўйича таклифни илгари сурганлиги ҳақида хабар берган эдик.