Бир кун муқаддам «Газета.uz» «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ҳудудидаги объектлар қурилишини молиялаштириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджетидан 20 миллиард сўм, шунингдек, бошқа ҳудудлардаги ер участкаларини инвесторларга сотишдан тушадиган маблағларни йўналтириш режалаштирилгани ҳақида ёзган эди. Гап мажмуа ёнидаги 2,67 гектар, шунингдек Aqva Bog’i аквапарки ҳудудидаги 0,9 гектар ерни сотиш ҳақида бормоқда.

Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев қарор учун асос қилиб олинган давлат раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5598-фармойишига эътибор қаратди.

Фармойишда «Шаҳидлар хотираси» майдонида амалга ошириладиган қурилиш тадбирлари учун давлат бюджети ҳамда грант ва ҳомий маблағлари молиялаштириш манбалари сифатида келтирилган.

Қолаверса, фармойишга мажмуада фақатгина рамзий китоб яратиш ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходимлари учун алоҳида хизмат биносини қуриш белгиланган. Маиший хизмат бинолари ёки савдо дўконлари, WiFi ҳудудлари, амфитеатр ва бошқа объектлар қуриш кўзда тутилмаган.

«Газета.uz»нинг молиялаштириш манбалари ҳақидаги материали чоп этилганидан сўнг Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати дастлабки лойиҳадан миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари, сайр учун велотураргоҳлар, бир қатор суҳбат жойлари, очиқ амфитеатр ва wi fi ҳудуди, болалар ва шахматчилар учун ўйин майдончалари ҳамда ҳожатхоналар чиқариб ташланганини маълум қилди.

Дониёр Ғаниев президентнинг Ер муносабатларини тартибга солишга оид 8 июндаги ПФ-6243-сонли фармонига асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни сотилиши фақат электрон онлайн-аукцион орқали бўлиши белгилангани, фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилганига ҳам эътибор қаратди.

«Шундан келиб чиқиб, ВМ қарорида инвесторларга тўғридан-тўғри сотилиши кўзда тутилган ерлар савдоси тўхталиши керак эмасми? (агар Фармон чиққунча сотиб улгурилмаган бўлса, албатта)», — деб ёзди депутат.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбони моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида қайд этилган.

2019 йил 30 августда қабул қилинган 560-сонли қонун билан эса давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш, шунингдек, уларнинг ҳудудларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

«Шундоқ ҳам Тошкентнинг бир неча боғ ва хиёбонлари кимларнингдир тижорий мақсадлари йўлида хусусийлаштирилди ёки тугатилиб, ўрнида кўп-қаватли уйлар қуриб бўлинди. Шу кунгача бу ишларни ҳаммамиз билиб, билмасликка олдик, ҳаммасига кўз юмиб келдик», — деди Дониёр Ғаниев.

Депутат Ватан истиқлоли, халқ озодлиги ва эркинлиги йўлида мардона кураш олиб бориб, шу йўлда азиз жонларини фидо қилган юз минглаб аждодлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган хотира мажмуасидан ҳам тижорат мақсадларда фойдаланиш тўғрими, деган саволни ўртага ташлади.

«Мустабид тузум давридаги қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини топташ, руҳини чинқиратиш эмасми бу?» — дея сўради у.

Қурилиш вазирлигининг қурувчилар рейтинглари.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарори (ХДФУ — хизмат доирасида фойдаланиш учун грифига эга) билан мажмуа, жумладан ротондани реконструкция қилиш, қатағон қурбонлари исм-шарифлари ёзилган рамзий китоб ўрнатиш, музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилиши учун Mimar Group компанияси тендерсиз танлаб олинган. Қатағон қурбонлари хотираси музейини реконструкция қилиш учун эса Ijod-Ijod хусусий корхонаси танланган. Уларга 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаш-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширишга рухсат берилган.

Ўз навбатида, reyting.mc.uz қурилиш-пудратчи ташкилотлар рейтингига кўра, Mimar Group ва Ijod-Ijod рейтинг баҳоси ССС (1-қониқарли даража, ишончлилик даражаси 30 фоиздан 35 фоизгача) бўлган қурувчилар гуруҳига мансуб.