Ленинграддаги қурилишда 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиб тушиб, вафот этди, дея хабар бермоқда «78.ru» нашри.

Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг маълум қилишича, 17 июнь куни Всеволожск шифохонасига тез ёрдам машинасида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси оғир аҳволда олиб келинган. Шифокорлар унга баландликдан йиқилишга оид тан жароҳатлари ташхисини қўйган. Орадан тўрт кун ўтгач, 21 июнь куни бемор реанимация бўлимида вафот этган.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик муҳожир туманнинг Иоанн Кронштадский кўчасидаги 12 қаватли турар жой биносининг қурилишида ишлаган. Қурилиш бошқарувчисининг сўзларига кўра, эркак компания билан шартнома асосида ишлаган. Мазкур ҳодиса юз берган куни иш жойида бўлган ва номаълум сабабга кўра, баландликдан тушиб кетган. Тахминларга кўра, ўзбекистонлик фуқаро иккинчи қаватдан йиқилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.