Қўқон шаҳрида 23−24 июнь кунлари Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг XV йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Кенгашнинг биринчи кунида давлатларнинг масъул вакиллари учун Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида инфотур ташкил қилинди.

Мамлакатларнинг туризм вазирлари, жумладан, Туркий кенгаш раиси Бағдат Амреев, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазири Актоти Раимкулова, Қирғизистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Сейит Рисалиев, Озарбайжон давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев Қўқондаги бир қанча туристик объектларни бориб кўришди. Уларга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қилди.

«Газета.uz» мухбиринг хабар беришича, делегациялар аъзолари куннинг биринчи ярмида Марғилон шаҳридаги 2020 йилда уста Иброҳим Султонов ташаббуси билан ДХШ асосида қурилган Ҳунармандлар марказига ташриф буюришди.




Бу ерда 600 нафар уста 200 ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Улар томонидан 2 мингга яқин хотин-қизлар иш билан таъминланган.







Риштон халқаро кулолчилик маркази

Туризм вазирларининг кейинги манзили — Риштондаги халқаро кулолчилик маркази бўлди. Марказ ўзида Риштон тарихи музейи, 20 та икки қаватли кулоллар хонадонидан иборат. Ҳунармандлар биринчи қаватдаги устахона ва савдо дўконларида ўз фаолиятини юритишса, иккинчи қаватда оилалари билан ҳаёт кечиради.


Ўзбекистон халқ устаси Алишер Назиров устахоналар ҳақида делегация аъзоларига маълумот берди. Унинг айтишича, хонадонларда 6 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд бўлиб, туристлар шу ерда яшаб, кулоллар иши билан яқиндан танишиши ҳамда ўрганиши мумкин.


Устанинг қўшимча қилишича, ҳар бир кулол кўзи боғлиқ ҳолатда ҳам турли хилдаги идишларни ясай олиши лозим. Шу жойнинг ўзида вазирларга маҳорат дарси ҳам ўтилди.



Таъкидланишича, ҳозирда кулолчилик маҳсулотлари БАА, Туркия, Чехия, Россия, Озарбайжон, қўшни давлатлардан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинаяпти.



Замонавий риштон кулоллик мактабининг йирик вакили Шарофиддин Юсуповнинг айтишича, бу ерда яралган катта сопол лаганлар 250 АҚШ доллари, ўртачалари 120−150 доллар, кичиклари эса 70 доллардан сотилмоқда.




Устахоналарнинг кўпларида кулолчилик, турли хилдаги идишларни ясаш, безаш ишлари билан оилавий шуғулланишади.





Меҳригиё саломатлик боғи

Туркий кенгаш давлатларининг туризм вазирлари кун якунида лаванда ҳамда бошқа турдаги гиёҳ ва ўсимликлар етиштириладиган Саломатлик боғига ҳам ташриф буюришди. Бу ерда туристлар учун кичик махсус зона ташкил қилинган, папайя ва бошқа ўсимликлар асосан тоғли ҳудуддаги 250 гектар майдонда ўстирилади.


Ушбу марказнинг мутахассиси Дилмуроджон Бўроновнинг сўзларига кўра, лаванда ва папайя ўсимликларидан турли гиёҳлар, дорилар тайёрланади.



Делегация аъзолари вазиятдан фойдаланиб, суратга тушиб олишга ҳам улгуришди.


Журналист Дилшода Раҳматова.


Папайя дарахти.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»