Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестиция ва экспорт соҳаларида олиб борилаётган ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, мамлакатда 2017 йилдан бошлаб барча манбалар ҳисобидан 716 триллион сўм (83 миллиард доллар) ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилган.

«2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётига 83 миллиард доллар инвестиция кирди. Бу жуда катта рақам. Жуда кўп тажриба орттирдик, бир долларлик инвестиция эвазига қанча иш жойи яратиляпти, қанча рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаряпти, саноат ўсиши қандай — бугун шуларни муҳокама қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ўзлаштирилган маблағлардан 26,8 млрд долларини хориждан жалб қилинган маблағлар ташкил этади. Бунда, тўғридан-тўғри инвестициялар — 10,6 млрд доллар, давлат кафолати остидаги лойиҳалар учун — 8,4 млрд доллар, кафолатсиз кредитлар — 6,6 млрд доллар, банк ва корхоналарнинг халқаро облигациялари — 1,2 млрд долларлик маблағ жалб қилинган.

Ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келади. Натижада сўнгги 4 йилда мамлакат ЯИМ таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1,3 бараварга ўсганлиги таъкидланди.

Жумладан, автомобилсозликда ишлаб чиқариш — 3,4 баравар, электротехника — 2 баравар, фармацевтика ва қурилиш материаллари — 1,4 баравар, металлургия — 1,2 бараварга ошган.

Тайёр тўқимачилик ва маиший техника маҳсулотлари экспорти 5 бараварга ўсган. Ушбу даврда 441 триллион сўмлик 47 мингдан зиёд йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиб, 680 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринлари яратилган.

Шунингдек, сўнгги 4 йилда маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 триллион сўм (10 миллиард доллар) инвестициялар йўналтирилди.