Давлат хавфсизлик хизмати гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситаларни аниқлаш ва мусодора қилишнинг бир нечта ҳолатлари тўғрисида «Газета.uz»га хабар берди.

ДХХнинг Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси вакиллари билан ўтказилган тезкор тадбирда «Сурхондарё — Самарқанд» йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомашина Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилган.

Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаронинг ёнида 3 кг 363 гр «опий» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган «Минерал сувлар» ЙПХ масканида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1996 й.т. шахс бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашина тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 5 кг «опий» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, ДХХнинг Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ДБҚ ходимларини жалб этган ҳолда Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи шахслар — 1991 й.т. фуқаро ҳамда муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган 1990 й.т. шахс 492 гр «гашиш» моддасини 50 млн сўмга сотган вақтларида қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳар уччала ҳолатда ҳам наркотик моддалар мамлакатга Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ, ДХХ томонидан Афғонистондан олиб кирилаётган Сирдарё ва Самарқандда жами 7 кг, Данғара туманида 1 кг дан ортиқ, Фарғона вилоятида 1,3 кг гиёҳвандлик моддалари топилганлиги ва мусодара қилингани ҳақида хабар берилган эди.