ЖССТ болалар ва ўсмирларни коронавирусга қарши эмлашга рухсат берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти илк болалар ва ўсмирларни коронавирусга қарши эмлаш мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Ташкилотнинг янгиланган йўриқномасида болалар ва ўсмирлар коронавирусни катталарга қараганда енгилроқ кечираётгани таъкидланган. «Шунинг учун, агар улар COVID-19'ни юқтириш хавфи юқори бўлган гуруҳга кирмаса, улар кекса ёшдаги одамлар, сурункали касалликларга чалинганлар ва тиббиёт ходимларига қараганда кечроқ эмланиши мумкин», дейилади хабарда. Aввалроқ ташкилот вакциналарнинг болаларга таъсири тўғрисида маълумотлар етишмаётгани сабабли уларни эмлашни тавсия қилмаган эди. — ЖССТ.


Қозоғистонда мажбурий эмланишдан бош тортганлар жаримага тортилади

COVID-19'га қарши мажбурий эмлашдан бош тортган меҳнат жамоалари ходимлари жаримага тортилади, деди Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати қўмитаси раиси Айжан Есмагамбетова. Таъкидланишича, талабларни бажармаган жисмоний шахслардан ойлик ҳисоблаш кўрсаткичининг (2778 тенге) 5 баравари миқдорида жарима ундирилади. Есмагамбетова юридик шахслар, шунингдек, иш берувчилар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таъкидлади.

Қозоғистонда хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишчилар, саноат корхоналари, 20 кишидан ортиқ жамоаларни мажбурий эмлаш тартиби жорий қилинган. — Интерфакс.


Эфиопияда авиазарба натижасида камида 80 киши ҳалок бўлди

Эфиопиянинг Тиграй штати шимолида жойлашган Тогога қишлоғидаги бозорга қилинган авиазарба натижасида камида 80 киши ҳалок бўлди. Ҳужум 22 июнь куни куннинг ўрталарида содир бўлди. Эфиопия армияси вакили полковник Гетнет Адане Тогога федерал кучлар томонидан қилинган ҳужум фактини тасдиқламади, аммо рад ҳам этмади. Унинг таъкидлашича, ҳаво ҳужумлари террорчиларга қарши курашда кенг тарқалган тактика ва улар тинч аҳолига қарши қаратилган бўлмаган.

Тиграйни озод қилиш учун Халқ фронтининг исёнчи гуруҳлари 22 июнь куни штатдаги федерал позицияларга қарши ҳужум бошлаган. Хабарларга кўра, Эфиопия қуролли кучларининг тўртта бўлинмаси штат пойтахти Мэкэле шимолидаги жангларда қатнашмоқда. — ТАСС Reuters’га таяниб.


Украина Вазирлар Маҳкамаси МДҲнинг туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимидан чиқишга қарор қилди

«МДҲ доирасида амалдаги халқаро шартномаларнинг миллий манфаатларга мувофиқлиги тўғрисида олиб борилган таҳлилларга асосланиб, биз Украинанинг 1993 йил 23 декабрда Aшхабодда имзоланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик шартномасида иштирок этишини мақсадга мувофиқ эмас деб биламиз», — дейилади ҳужжатда. Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, мамлакатнинг 2012 йил 30 майда имзоланган МДҲга аъзо давлатларнинг Туризм кенгаши тўғрисидаги битимида иштирок этишини ҳам ноўрин деб ҳисобламоқда. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. — ТАСС.

Аввалроқ мамлакат Олий Радаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲ доирасида ҳамкорлик қилиш бўйича битимлардан чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.


Эрон Межлисига AҚШ билан ҳар қандай музокараларни тақиқловчи резолюция лойиҳаси келиб тушди

Эрон ва AҚШ ҳукуматлари ўртасидаги ҳар қандай музокараларни қонунчиликда тақиқлаш тўғрисидаги фармон лойиҳаси 24 июнь куни Межлисга (парламент) келиб тушди. Эроннинг янги сайланган президенти Иброҳим Раиси 22 июнь куни AҚШ президенти Жо Байден билан учрашишни истамаётганини таъкидлаган эди.

Шунингдек: Вена музокаралари иштирокчилари Эронга қарши мингдан ортиқ иқтисодий санкцияларни бекор қилишга келишиб олдилар. Бу ҳақда мамлакат президенти маъмурияти раҳбари Маҳмуд Ваези айтиб ўтди. «Суғурта, банк, нефть ва денгиг орқали юк ташиш соҳаларида барча санкциялар келишиб олинди. Келишувга мувофиқ, 1040 га яқин санкциялар бекор қилинади», — деди Ваези.


Францияда ҳукуматдан ноқонуний равишда 12 млн евро олган олти киши ҳибсга олинди

Францияда пандемия пайтида ишсизлик нафақаси билан боғлиқ фирибгарликда айбланган олти киши ҳибсга олинди. Фирибгарлик натижасида давлат ғазнаси 12 млн евро йўқотган. Уюшган жиноий гуруҳга қарши операция 16 июнь куни Франция ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан исроиллик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ва Европол кўмагида ўтказилди.

Жиноятчилар Франция ҳукуматидан 3,6 минг сохта компаниялар орқали 12 млн евро миқдорида ишсизлик нафақасини олишга муваффақ бўлишган. Пул мамлакат банк ҳисоб рақамларига туширилиб, ундан кейин бошқа мамлакатлардаги ҳисоб рақамларига ўтказилган. У ердан эса ушбу пулларга криптовалюта сотиб олинган. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Марказий Африка Республикасида янги ҳукумат таркиби эълон қилинди.
  • Жазоир бош вазири президентга ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисида мурожаат қилди.