Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, «Афросиёб» поезди йўлини тўсганларнинг 13 нафари судга чақирилди, дея хабар қилди Daryo.

Чироқчи туман «Айритом» МФЙ профилактика инспектори Аҳрор Дўстқуловнинг маълумот беришича, мазкур иш доирасида 50 нафар фуқарога чора кўрилмоқда, 37 нафар фуқарога огоҳлантириш берилган.

«Эртага 13 нафар фуқаро судга чақирилган ва уларнинг хатти-ҳаракатига судда баҳо берилади», — деди маҳалла профилактика инспектори.

Шунингдек, Чироқчида 1-синфда ўқувчи қиз ЙТҲ оқибатида вафот этганига норозилик билдириб йўлни тўсган бир гуруҳ аёллар иши ҳам судда кўриб чиқилган ва уларга огоҳлантириш берилган. Бу ҳақда Чироқчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати туман ИИБга таяниб хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 7 июнь куни эрталаб соат 09:00 дан 10:20 ларга қадар «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айритом темир йўл бекати ҳудудида Чироқчи туман Айритом қишлоғи фуқаролари темир йўл устига йиғилганлиги акс этган видео тарқалган эди. Бу воқеага электр таъминотидаги чеклов сабаб бўлгани айтилди.