Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Янги Ўзбекистон университетида таълим жараёнини ташкил этишга оид тақдимот билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, янги университетда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Масалан, Кембриж университети қабул имтиҳонларини ўтказади. Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, улар таълим сифатини назорат қилиш, лаборатория ва кутубхоналарни тўлдиришга кўмаклашади.
Университетда 5 та — муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Кредит-модул тизими жорий этилиб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ушбу таълим масканининг ўқув биноси ва кампуслари ҳам замонавий, халқаро BRЕEAM сертификатларига мос бўлади. Илк ўқув йили шу йил сентябрдан бошланади. Янги бино қурилгунча дарслар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бўш биноларида вақтинчалик ўтиб турилади.
Иқтисодиёт тармоқларидаги эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илмий тадқиқотлар олиб бориш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш ҳам университетнинг асосий вазифаларидан. Шу мақсадда дунёнинг етакчи университет ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади, илмий журнал таъсис этилади.
Давлат раҳбари университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
«Университет талабалари 1-курсдан ўз соҳаси бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва илмий марказларга бириктирилиши керак. Вазирликлар, нуфузли институт ва йирик компаниялар университетнинг васийлик кенгашига кириши муҳим. Улар ўз эҳтиёжларини билдириб, таълим жараёнига интеграциялашиши, бўлғуси мутахассисга олдиндан сармоя киритиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент белгиланган чора-тадбирларни маъқуллаб, Янги Ўзбекистон университетини ташкил этишга оид қарорни имзолади.
Тақдимотда, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.