23 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда қарор топаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар ҳамда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш учун яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, бўлажак кўп томонлама, шу жумладан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Бир кун муқаддам Тожикистон президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти хавфсизлик кенгашлари котибларининг 16-мажлиси иштирокчиларини қабул қилган эди Тадбирда Ўзбекистон хавфсизлик кенгали котиби ўринбосари Бобур Усмонов иштирок этди.

Учрашувда асосий эътибор Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият ва унинг боришидаги хавотирли тенденцияларга қаратилди, дея хабар берди Тожикистон раҳбари матбуот хизмати. «Газета.uz» толиблар 21 июнь куни Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги «Шерхон-Бандар» чегара постини эгаллагани ҳақида ёзган эди. Тожикистон ДМХҚ икки давлат ўртасидаги чегаралари бўйлаб вазият кескин эканлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Эмомали Раҳмон Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев билан ҳам мулоқот қилди. Томонлар қўшни Афғонистондаги бугунги ҳарбий-сиёсий вазиятни батафсил муҳокама қилди. Афғонлараро музокаралар жараёнини амалий жиҳатдан йўлга қўйишда ҳам томонлама кўмаклашишнинг аҳамияти қайд этилган.