Шимолий Қозоғистон вилояти полиция хизмати 86 та янги Cobalt автомашинасини харид қилди. Бу ҳақда Tengrinews нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Шимолий Қозоғистон вилояти полициясига Қозоғистон полицияси куни арафасида 86 та янги Chevrolet Cobalt автомобили калитлари вилоят ҳокими Кумар Аксакалов томонидан тантанали равишда топширилган.

Фото: Tengrinews.kz

Қайд этилишича, Chevrolet Cobalt русумидаги 86 автомашинанинг барчаси вилоят бюджетидан сотиб олинган бўлиб, улар маҳаллий полиция инспекторлари ишида қулайликлар яратиш учун мўлжалланган.

«„SaryarkaAvtoProm“ компанияси янгиланган автопарк милиция ходимларига имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва камайтириш вазифаларини етарли даражада бажаришга имкон беришига ишонади», — дейилади хабарда.

Фото: Tengrinews.kz

UzAuto Motors ахборот хизматининг қўшимча қилишича, Қозоғистон бозорида Chevrolet бренди сотувда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Қозоғистонда 2021 йилнинг биринчи 5 ойида энг кўп сотилган автомобиллардан бири Chevrolet Cobalt бўлган.

Маълумот учун, Қозоғистонда март ойида 1001 дона, апрель ойида 1355 дона Cobalt автомобили сотилган.