Адлия вазирлиги «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжат билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

2021 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимлари рўйхатини белгилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу муддатга қадар коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш таклиф этилди.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу тузилмалар коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул бўлади.

2021 йил 1 авгyстдан бошлаб, давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлов)ларнинг натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилиши мумкин.

2021 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш амалиёти жорий этилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентилигига Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда қуйидаги топшириқларни бериш ҳам кўзда тутилган:

  • 2021 йил 1 декабрга қадар даромад ва мол-мулк декларацияларибўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текширишнинг электрон ахборот тизимини яратиш, шунингдек, 2022 йил давомида уни солиқ, божхона, давлат кадастри ва бошқа тегишли органлар маълумотлар базалари билан интеграция қилиш чораларини кўриш;
  • 2022 йил 1 январга қадар мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали интеграциялашган «Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими»ни ишга тушириш.

2022 йил 1 январдан бошлаб субсидия ва бошқа имтиёзлар берилган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни «Очиқ бюджет» порталига жойлаштириш тартиби жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, бенефициарлар реестрини жорий қилиш бўйича таклифларнинг кўриб чиқилиши ҳам кутилмоқда.

Президент қарори лойиҳасида қурилиш ва транспорт соҳаларида ҳам коррупцияни бартараф қилиш учун бошқа чораларни кўриш режалаштирилган.

8 июлга қадар лойиҳа билан яқиндан танишиш ва изоҳларни қолдириш мумкин.